Ўзбекистонда 10 ой ичида ишчи ходимлар билан боғлиқ 558 та бахтсиз ҳодиса рўй берди

АОКАда 22 ноябрь куни бўлиб ўтган брифингда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаева Ўзбекистонда 2021 йилнинг 10 ойи мобайнида меҳнат фаолияти давомида жабрланган ходимлар ҳақида маълумот берди.

Маълум қилинишича, январь–октябрь ойлари оралиғида содир бўлган 558 та бахтсиз ҳодиса оқибатида 623 нафар ходим жабрланган. Улардан 166 нафари эса ҳалок бўлган. Шунингдек, 432 нафар ишчи оғир тан жароҳати ва 25 нафари енгил тан жароҳати олган.

Келтирилишича, бахтсиз ҳодисаларнинг барчаси белгиланган тартибда махсус комиссия томонидан ўрганилган. Текширув жараёнида бахтсиз ҳодисаларнинг келиб чиқиш сабаби аниқланиб, улар оқибатида жабрланган 623 нафар ишчи ва ходимнинг қонуний ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича хулосага келинган.

Шу билан бирга, Давлат меҳнат инспекцияси томонидан фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга киритилган жами 1278 та даъво аризасининг 934 таси қаноатлантирилиб, улар фойдасига 1,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ундирилган.

 

Янгиликлар