Ўзбекистон автомобиль бозорида савдо ҳажми кескин ўсди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилларига кўра, 2021 йил октябрь ойида Ўзбекистон автомобиль бозорида савдо ҳажми 2019 йил октябрь ойига нисбатан 31,1 фоизга ўсди.

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг октябрь ойида республикада автомобиль олди-сотдиси бўйича битимлар сони сезиларли даражада ошган. Шундай қилиб, 2021 йил сентябрь ойига нисбатан ўсиш 32,6 фоизни ташкил этган. Лекин маҳаллий автомобиль бозорида талаб миқдори 2020 йил октябрь ойи билан таққослаганда 10 фоизга ошган.

1-расм. Рўйхатга олинган ва қайта рўйхатдан ўтган автомобиллар сонининг ўзгариш индекси.

Қайд этилишича, 2020 йилнинг август ойи ўрталарида коронавирус пандемияси туфайли ўрнатилган чекловлар бекор қилинганидан сўнг август ойида автомобилларга бўлган талаб июль ойига нисбатан 54,3 фоизга ошган эди. Кечиктирилган талабни қондириш йил охирига қадар давом этган.

Шу тариқа маҳаллий автомобиль бозори 2020 йилнинг кузидаёқ инқирозгача бўлган даврдаги кўрсаткичларига қайтган ва 2021 йилнинг октябрь ойида сезиларли даражада ўсишни кўрсатган. 2019 йил октябрь ойига нисбатан автомобиллар савдоси сезиларли даражада — 31,1 фоизга ошган.

Таъкидланишича, коронавирус пандемияси оқибатида микрочипларнинг глобал тақчиллиги автомобиль саноатида ишлаб чиқариш ривожланишини тўхтатиб турибди. Бундай шароитда автомобиль бозорининг сезиларли ўсиши, асосан, иккиламчи бозорда савдо ҳажмининг ўсиши билан изоҳланади. Октябрь ойида 50,1 минг дона автотранспорт воситаси сотилган бўлса, сентябрь ойида ушбу кўрсаткич 40,3 минг донани ташкил этган (ўсиш — 24,3 фоиз). Бирламчи автомобиль бозорида ҳам сезиларли жонланиш кузатилмоқда. Октябрь ойида 20,6 мингта янги автомобиль сотилган, бу эса сентябрь ойидаги кўрсаткичга нисбатан 58,5 фоизга кўпроқ.

2-расм. 2021 йилда бирламчи ва иккиламчи автомобиль бозори.

Ҳудудлар кесимида энг юқори ўсиш суръатлари Сурхондарё (60,4 фоиз), Навоий (55,9 фоиз), Бухоро (53,4 фоиз) ва Тошкент (50,2 фоиз) вилоятларида кузатилган. 2021 йилнинг октябрь ойида 18,5 минг дона янги енгил автомобиль давлат рўйхатидан ўтказилган (сентябрь ойига нисбатан ўсиш 64,4 фоиз). Шундан 1,4 мингтаси чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллар ҳисобланади.

Экспертларнинг таъкидлашича, чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллар савдоси сентябрь ойига (2343 дона) нисбатан бироз камайган, август ойига (1021 дона) нисбатан эса 38,2 фоизга ошган. Бу даврда чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллар энг кўп Тошкент шаҳри (5209 дона), Фарғона (1610 дона), Тошкент (834 дона) ва Самарқанд (505 дона) вилоятларида сотилган.

3-расм. 2021 йилнинг январь–октябрь ойларида маҳаллий ва чет элда ишлаб чиқарилган янги автомобиллар савдоси улуши.

Умуман, январь–октябрь ойларида республика бўйича 152,2 минг дона янги енгил автомобиль, шундан 9,9 минг дона ёки 6,5 фоизи чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллар рўйхатга олинган.

Октябрь ойида янги енгил автомобиллар энг кўп сотилган ҳудудлар қуйидагича:

  • Тошкент шаҳри — 5682 дона (шундан 902 дона ёки 15,9 фоизи чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллар);
  • Тошкент вилояти — 1925 дона (шундан 62 дона ёки 3,2 фоизи чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллар);
  • Самарқанд вилояти — 1416 дона (шундан 81 дона ёки 5,7 фоизи чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллар) бўлди.

Янгиликлар