Ўзбекистонда «Cоcа-Cоla» корхонасини хусусийлаштириш бўйича тендер тўхтатилиши мумкин

Ўзбекистонда «Cоcа-Cоla Ichimligi, Uzbekistan, Ltd» МЧЖнинг 57,118 фоизга тенг давлат улуши сотувга қўйилиши жараёнида амалдаги қонунчилик ва тартибларга зид равишда ўтказилаётгани ҳақида мурожаатлар Коррупцияга қарши курашиш агентлигига келиб тушган. Бу ҳақда агентликнинг матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «The Coca-Cola Company»

Маълум қилинишича, 2020 йил 16 декабрь куни Давлат активларини бошқариш агентлигининг расмий веб-сайтида Ўзбекистонда алкоголсиз ичимлик ишлаб чиқарувчи «Cоcа-Cоla Ichimligi, Uzbekistan, Ltd» МЧЖнинг 57,118 фоизлик давлат улуши сотувга қўйилиши эълон қилинган. Эълонда тендерда иштирокчиларни саралаш ва ғолибни танлаш жараёнида бир нечта мезонлар қўлланилиши қайд этилган.

Агентликка тадбиркор ва фуқаролардан келган мурожаатларни ўрганиш жараёнида «Cоcа-Cоla Ichimligi, Uzbekistan, Ltd» МЧЖ устав фондидаги давлат улушини хусусийлаштириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирларнинг амалдаги қонунчилик нормаларига мувофиқлиги ва коррупция хатари мавжудлиги аниқланган.

Шунингдек, агентлик ушбу мезонлар ўта юқори ва асослантирилмаган талаблар ҳисобланишини ва савдоларда иштирок этиши мумкин бўлган эҳтимолий иштирокчилар сонини сунъий чеклашга олиб келишини маълум қилган.

Эҳтимолий иштирокчилар сонини кескин чеклаш тендер шартларини бажара олувчи кам сонли иштирокчилар ўртасида ҳақиқий рақобат бўлмаслигига ва натижада давлат улушига паст нарх таклиф этилишига ҳамда бунинг оқибатида республиканинг иқтисодий манфаатларига сезиларли даражада зарар етказилиши мумкин.

Агентлиги томонидан тегишли идораларга қуйидаги чораларни амалга ошириш мақсадга мувофиқлиги юзасидан тақдимнома киритилди:

  • давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича Давлат комиссияси томонидан етарли рақобатга имконият мавжуд эмаслиги сабабли мазкур тендер жараёнларини тўхтатиш;
  • тендер савдоларида иштирок этишга кўпроқ талабгорларни жалб қилиш ҳамда тенг имконият ва шароитлар яратиш мақсадида халқаро молиявий ва ҳуқуқий маслаҳатчиларнинг хулосалари асосида тендер шартларини юмшатиш бўйича ишларни олиб бориш.

Аввалроқ Ўзбекистонда коррупция ҳақида хабар берганлар 6 миллион сўмгача пул билан рағбатлантирилиши ва Ўзбекистонда коррупция ҳақида хабар берганлар шахси давлат сири этиб белгиланиши маълум қилинган эди.

Янгиликлар