Фарғонада салкам 2 млрд сўмлик имтиёзларни ноқонуний қўлга киритмоқчи бўлганлар фош қилинди

Фарғона вилоятида Давлат божхона қўмитаси Коррупцияга қарши курашиш ва ўз хавфсизлик бошқармаси, Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси ходимлари томонидан салкам 2 миллиард сўмлик имтиёзларни ноқонуний қўлга киритмоқчи бўлганлар фош қилинди. Бу ҳақда қўмита ахборот хизмати «тez News»га хабар берди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Хабарга кўра, Д.Ш. ва Ш.Х.лар Хитойда ишлаб чиқарилган, сиқилган газда ҳаракатланувчи 2 та «НОWО» русумли автомашинани расмийлаштириш учун Фарғона вилояти божхона бошқармасида «Божхона омбори» божхона режимига расмийлаштиради. Бироқ Президентнинг 2020 йил 19 майдаги «Ҳудудларда кўп қаватли бинолар қуриш ишларини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ дизель ёнилғисида ҳаракатланувчи юк автомашиналарини 2021 йил 1 январгача бўлган муддатда республикага импорт қилишда имтиёз қўлланилишини билиб қолган шахслар, 1,8 миллиард сўмлик имтиёзни қўлга киритиш мақсадида автомашиналарни «реэкспорт» божхона режимига расмийлаштириб, мамлакатдан қайта олиб чиқиб кетади.

Орадан 1 ой вақт ўтиб, улар автомашинадаги газ баллонларини ечиб, ёнилғи бакини ўрнатиб, мотор қисмини эса сиқилган газда эмас балки дизель ёнилғисида ҳаракатланишга вақтинчалик ўзгартириб қайта олиб киришган. Ҳужжжатлар ҳам шу йўсинда сохталаштирилади. Улар автомашиналарнинг сохта ҳужжатларини «Тошкент-товар» ташқи иқтисодий фаолият божхона постига тақдим этади.

Расмийлаштирув жараёнида Давлат божхона қўмитасидаги махсус дастурлар ва Ситуацион марказдаги маълумотлар, шунингдек ушбу 2 та юк автомашиналарининг идентификацион белгилари орқали мазкур автомашиналар илгари реэкспорт қилингани маълум бўлди. Ҳозирги кунда двигатели дизель ёнилғисида эмас, аслида сиқилган газда ҳаракатланувчи умумий қиймати 2 миллиард сўмлик автомашиналар вақтинча сақловга олинган ва божхона органлари томонидан Жиноят кодексининг 182-моддасининг 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Aввалроқ Янгиқўрғонда 125 миллион сўмлик аёллар кийимларини тегишли ҳужжатларсиз олиб юрган шахс ушлангани ва Фарғонада салкам 902 миллион сўмлик товарларни кўмир остига беркитиб, Ўзбекистонга олиб кирмоқчи бўлган юк машинаси ҳайдовчиси қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар