«Қурилиш вазирлиги коррупцияга қарши курашиш ташкилоти эмас». Вазир соҳадаги коррупцион схема ҳақида гапирди

Ўзбекистонда қурилиш соҳасида коррупцион схемалар мавжуд. Ҳокимликларда таниш-билишлар ёрдамида ер майдонлари олинмоқда ва лойиҳа қилингач, бошқага сотилмоқда. Қурилиш вазирлигида ўтказилган анжуманда вазир Ботир Зокиров соҳадаги коррупцион ҳолатлар ҳақида сўз юритди.

Фото: «Kun.uz»

«Kun.uz» нашрининг маълум қилишича, вазир анжуманда ҳозирда айримлар ҳокимликлардаги танишлари орқали ер олиб «бизнес» қилаётганини, шунингдек, у Жиззахдаги қулаб тушган бино қурилишига рухсат олган бошқа, қурилишни қилган бошқалигини, бу тўғридан тўғри коррупцион схема ҳисобланишини таъкидлаган.

«Кимнингдир ҳокимликка қандайдир яқинлиги бор ёки тизимда таниш-билиши бор. Ўшанинг номига олинади, шу бошлагандек бўлади, лекин умуман бошқа одамлар ишлайди. Шунинг учун ҳам ҳужжатлар 3 марта аниқлаштирилганда бошқа-бошқа кишилар чиқмоқда. Бунақа бўлиши керак эмас. У ерга қидирадиган бўлсангиз, биронта эгаси чиқмайди. Биттаси ерни олган, бошқасига бериб қўйган. Хуллас мингта баҳона қилади.

Бугун бир хил одамлар шунинг орқасидан ‘бизнес’ қилмоқда, яъни уни таниши бор ва у бугун бемалол кириб жойини олади. Қурилиш битгунча сотади, шунинг учун ҳам ҳамма ҳужжатлар чала-чулпа. Давлат назорати ҳам бир борганда уч қаватга битта лойиҳа, лойиҳачи билан эса унинг шартномаси йўқ. Ундан кейин борганида иккинчиси пайдо бўлмоқда. Бу коррупцион ҳолат бўлганлиги учун тадбиркор нима хоҳласа ўшани қилмоқда. Биз шунинг олдини олишимиз керак. Қурилиш вазирлиги эса, коррупцияга қарши курашиш ташкилоти эмас.

Бундай коррупцион схема фақат Жиззахда эмас, бошқа аҳоли яшаш пунктларида ҳам бўлаётганлиги айтиб ўтилди. 2018—2019 йилда 11та қарор, 2020 йилда яна 11та қарор қабул қилинди. Биз шунча ҳужжатларимизни қайтадан кўриб чиқишга мажбур бўлдик ва бу ҳали охири эмас. Асосий масала қонунлар орасида барибир камчиликлар, айланиб ўтиш имкони топилмоқда. Олдин бундай ҳолат бўлмаган ва ҳеч ким бундай ‘тешик’ қидирган эмас. Ҳозир шундай қонунбузарликлар бўлмоқда. Керакли механизм ишга тушиши керак. Одам аралашмаган тақдирда ҳам шу масала ёпиладиган бўлиши лозим.

Яна бир масала тадбиркорни агар бажармаётган бўлса, унинг ҳисобини ёпиб қўйсангиз бу ҳам тўполон», — дейди Қурилиш вазири Ботир Зокиров.

Аввалроқ Жиззахда янги қурилган кўп қаватли уй қулаб тушгани ва ушбу кўп қаватли бинонинг қулаши сабаблари маълум қилинган эди.

Янгиликлар