Жиззахда қулаб тушган бино ёнидаги иншоот ҳам хавфли ҳолатда тургани маълум бўлди — видео

Жиззах шаҳрида 10 январь куни янгидан қурилаётган кўпқаватли уйлардан бири қулаб тушгани ҳақида хабар берилганди. Фавқулодда вазиятлар бошқармаси масъул ҳодими қулаган бино ёнидаги иншоот ҳам хавфли ҳолатда тургани маълум қилди. Бу ҳақда «Zo‘r TV» телекалининг «Bu kun» дастурида хабар берилди.

Кадр: Telegram

Жиззах шаҳар ҳокими ўринбосари Рустам Ҳусановнинг айтишича, дастлабки тахминлар бўйича кўнгилсиз ҳодиса қурилиш меъёри қоидаларига тўлиқ амал қилинмаганлиги сабаб юзага келган. Шунингдек, Жиззах шаҳри бош меъмори Воҳиджон Мирзаевнинг таъкидлашича, юқори қаватларда оғир конструкциялар ишлатилиб, пастки юк кўтарувчи конструкцияларга зарар етиб, қулашга олиб келтирган.

Қайд этилишича, бино хусусий тадбиркор томонидан қурилаётган бўлиб, ишлар ҳали якунланмаган. Декабрь охирларида қурилиш ишлари тўхтатилган. Янги йил арафаси ҳам бу ерда ҳеч ким ишлаган. Шаҳар ФВБ бошлиғи ўринбосари Мунир Жумановнинг айтишича, қидирув-қутқарув ишлари ҳали охирига етмаган.

Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, қулаб тушган бино ёнидаги 6 қаватли иншоотнинг ҳам пойдеворларида чўкиш аломатлари кузатилган бўлиб, ҳозирда у хавфли ҳолатда турибди. Телеканал журналистлари бино қурилиши билан шуғулланган «Чорвадор-Қоракўл-Барака» МЧЖ вакилларидан ҳолат бўйича маълумот олишга уринган, аммо тадбиркор бу борада ҳеч қандай изоҳ бермаган.

«Ушбу бинолар бир-бирига ёнма-ён қурилган бўлиб, қулаш жараёнида иккинчи бинога ҳам зарар етган бўлиши мумкин. Эҳтиёт чораси сифатида фуқароларнинг ҳаракатланиши ҳамда уларнинг ҳудуддан ўтишини вақтинча тўхтатиб турибмиз», — дейди ФВБ масъули.

Жиззах шаҳар бош меъморининг берган маълумотига кўра, тадбиркор қулаган бинонинг орқасидаги иншоотни ўзбошимчалик билан ноқонуний қуриб олган. Таъкидланишича, «Чорвадор-Қоракўл-Барака» МЧЖ раҳбарига бир нечта савдо дўконлари ҳам тегишли бўлиб, у биринчи маротаба бу каби қўп қаватли турар жой биносини қуриш билан шуғулланган.

Эслатиб ўтамиз, Бош прокуратура Жиззахда кўпқаватли уй қулаб тушиши оқибатида жабрланганлар ва вафот этганлар ҳақида маълумот берган.

Аввалроқ Наманган шаҳрида яқинда қурилган 37 метрли кўприк синиб кетгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Наманган вилоят ҳокимлиги ушву ҳодисага муносабат билдириб, кўприк қурилиши учун давлат бюджетидан маблағ сарфланмаганини маълум қилган.