Наманганда қулаган 37 метрли кўприк юзасидан муносабат билдирилди

Наманган шаҳрида «Ўн бир Аҳмад» зиёратгоҳи яқинидан оқиб ўтувчи канал устига қурилиб, декабрь ойида фойдаланишга топширилган кўприк синиб кетгани ҳақида хабар берилганди. Наманган вилоят ҳокимлиги ушву ҳодисага муносабат билдириб, кўприк қурилиши учун давлат бюджетидан маблағ сарфланмаганини маълум қилди.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, мазкур ҳодиса 8 январь куни соат 11:00 атрофида рўй берган. Бунинг оқибатида қурбонлар ёки жабрланганлар бўлмаган. Узунлиги 37 метр, эни 3 метр бўлган ва пиёдалар қатнови учун мўлжалланган кўприк маҳаллий тадбиркор томонидан «Ўн бир Аҳмад» зиёратгоҳига келувчилар учун қулайлик яратиш мақсадида барпо этилаётган бўлган. Бунинг учун давлат бюджетидан маблағ сарфланмаган.

Хусусан, «Наманган кўприклардан фойдаланиш» унитар корхонаси раҳбари Санжарбек Шодмоновнинг сўзларига кўра, кўприк қурилиши дастурларга киритилмаган, бюджет маблағи ҳам сарфланмаган. Тадбиркор Маъруфхон Ҳожихоновнинг ташаббуси ва шахсий маблағи ҳисобидан қурилаётган, ҳали якунига етмаган. Тадбиркор Маъруфхон Ҳожихоновнинг таъкидлашича, бу ишга яқинда 90 ёшида қазо қилган отасининг васиятини амалга ошириш учун киришган.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

«Дадамнинг васиятларига кўра «Ўн бир Аҳмад» зиёратгоҳига келадиганлар қийналмаслиги учун шу ишга қўл ургандим. Кўприк тайёр бўлганидан кейин шу атрофдаги автотураргоҳда бир ҳафта 5 тоннадан ошиқ юк қўйилган ҳолатда турди, қилт этмади. Кейин жойида синаб кўрдик. Ҳаво ҳарорати пасайиб, каналдаги сув оқими кўпайгани сабабли ҳали ишимиз охирига етмаган эди», — дейди Маъруфхон Ҳожихонов.

Тадбиркорнинг айтишича, кўприкнинг монтаж ишлари тўлиқ якунланмаган, икки томонига яна трос ва темир ўрнатилади. Буларнинг барчасига икки ҳафта атрофида вақт талаб этилади. Шундан сўнг кўприк аввалги жойига мустаҳкам этиб ўрнатилади.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов 1 ноябрь, якшанба куни Наманган шаҳридаги «Ўн бир Аҳмад» зиёратгоҳи қурилиш ишлари билан танишганди. Таъкидланишича, вилоят ҳокими ушбу зиёратгоҳда жойлашган мақбара ичидаги сувоқ ишлари якунлангани, фавворани созлаш ишлари олиб борилаётгани билан танишган.

Янгиликлар