«Ўзи билганича иш олиб борган». Жиззахдаги кўп қаватли бинонинг қулаши сабаблари маълум қилинди

Қурилиш вазирлигида 14 январь, пайшанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида қурилиш вазирининг ўринбосари Козим Тўлаганов Жиззах шаҳрида кўп қаватли бийнолардан бирининг қулаши ҳолати юзасидан қўшимча маълумот берди. Бу ҳақда «Daryo» хабар берди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, Жиззах шаҳридаги воқеа бўйича «Баракали қоракўл чорвадор» фермер хўжалиги томонидан Жиззах вилояти Қурилиш соҳаси ҳудудий назорат инспекциясига Давлат хизматлари маркази орқали 2020 йил 29 январь куни мурожаат қилинган. Инспекция томонидан белгиланган тартибда рухсат олинган ва қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун 16-сонли рухсатнома берилган.

Дастлаб, «Жиззах бунёдкор лойиҳа» МЧЖ томонидан 3 қаватли лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган. Ушбу лойиҳа-смета ҳужжатлари «Шаҳарсозлик ҳужжатлари» ДУК Жиззах вилояти филиали томонидан 2020 йил 17 ноябрда ижобий йиғма эксперт хулосаси олинган. Шунга қарамасдан, буюртмачи пудратчи томонидан хўжалик усули билан 1—2-қавати савдо-маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳамда 3–6-қаватларида турар жой бинолари қурилиши бўйича лойиҳа ҳужжатлари «Discovery Agrotech Group» томонидан қайта ишлаб чиқилган.

Шунингдек, Жиззах вилояти қурилиш бош бошқармаси ҳузуридаги ҳудудий архитектор шаҳарсозлик кенгаши билан келишилмаган. Лекин Жиззах вилояти «Шаҳарсозлик ҳужжатлари» ДУК Жиззах вилояти филиалининг 2020 йил 12 октябрда йиғма хулосаси олинган.

Қурилиш вазирининг ўринбосари Козим Тўлагановнинг айтишича, буюртмачи томонидан лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартириш киритилган уч қаватли бино олти қаватли бинога ўзгартирилган, лойиҳа-смета ҳамда экспертиза хулосаси ўзгартирилган.

«Вазирлар Маҳкамасининг 373-қарори 5-иловаси 20-бандига биноан, 10 кунлик муддатда лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартириш киритилиб, экспертизадан ўтказилганлиги юзасидан ҳудудий инспекцияга маълумот киритилмаган. Объектда қурилиш-монтаж ишлари 2020 йилнинг март ойида бошланган. Демак, бу ерда биринчи лойиҳа асосида иш бошланган деган хулоса келиб чиқади. Чунки иккинчи лойиҳа кейинги муддатда экспертизадан ўтказилган», — деди Козим Тўлаганов.

Таъкидланишича, қурилишда техник хавфсизликнинг биринчи ва иккинчи бандларига амал қилмаган ҳолда қурилиш майдонида ишчилар махсус кийим ва ҳимоя воситалари билан тўлиқ таъминланмаганлиги, уй-жойнинг пойдевор ишларида бажарилган қуйма бетон лойиҳавий мустаҳкамлиги мос келиши бўйича қурилиш-синов лаборатория хулосаси тақдим этилмаганлиги, қурилиш объектига буюртмачи томонидан техник назоратчи ва ишларни юритиш учун иш юритувчи ‘прораб’ буйруқ билан бириктирилмаганлиги инспекция томонидан муддатли ёзма кўсатма берилган.

«Кўрсатиб ўтилган камчиликлар берилган тақдирда ҳам энг хавфли томони — қурилишда на уста, на ‘прораб’ бўлган. Ўзи билганича иш олиб борган. Иккинчи томони, объектда март ойида биринчи лойиҳа билан иш бошланган. Экспертизанинг иккинчи хулосасини 12 октябрда қайтадан чиқаришган. Ҳаммаси тушунарсиз ҳолат. Инспекция томонидан шунча камчиликлар бўйича улар қўлига ҳужжат бериляпти, улар эртасига лабораторияни чақириб, мослаштиряпти, лекин асосий ҳужжат йўқ. ‘Прораб’ вазифасини бажарадиган одам йўқ»

Вазир ўринбосари, шунингдек, объектни нотурарга кўчириш бўйича ҳужжатларнинг бирортаси расмийлаштирилмагани ҳамда лаборатория қолган ишлар бўйича қисман хулосасини берганини маълум қилган.

«Объектда энг асосий шахс буюртмачи ҳисобланади. Ўша буюртмачининг жавобгарлиги биринчи ўринда туриши керак. Иккинчи — лойиҳачи, учинчи — пудрат ташкилотининг ички назорати. Бу объектда на униси, на буниси, на учинчиси шаклланган. Натижа мана шундай ҳалокатга олиб келди. Агар олдига қўйилган вазифалар ўз вақтида бажарилганида, бу аҳволга келмаган бўларди», — дея таъкидлаган вазир ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, Жиззах шаҳар Зилол маҳалласи Мустақиллик кўчасида янгидан қурилаётган кўпқаватли уйлардан бири 10 январь саот 17:15 лар атрофида қулаб тушганди. Жиззах вилоят фавуқулодда вазиятлар бошқармасининг маълум қилишича, ушбу 6 қаватли бино фойдаланишга топширилмаган. Бош прокуратура бино қулабтушиши оқибатида жабрланганлар ва вафот этганлар йўқлигини маълум қилган.

Кейинчалик, мазкур иш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши билан бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов раҳбарлигида Ҳукумат комиссияси тузилган. Орадан вақт ўтиб, ушбу ҳолат юзасидан вилоят қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси мансабдор шахсларига нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Янгиликлар