Жиззахда қулаб тушган кўп қаватли уй иши бўйича қурилиш соҳаси мансабдорларига жиноий иш қўзғатилди

Жиззах шаҳрида 10 январь куни янги қурилаётган кўпқаватли уйлардан бири қулаб тушгани ҳақида хабар берилганди. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси мансабдор шахсларига нисбатан жиноий иш қўзғатилди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.

Фото: «Tez News»

Терговга қадар текширув натижасига кўра, Жиззах вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 10 январь куни Жиззах шаҳрида янги қурилаётган кўп қаватли уйлардан бири қулаб тушгани ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик Бош прокуратура Жиззахда кўпқаватли уй қулаб тушиши оқибатида жабрланганлар ва вафот этганлар ҳақида маълумот берган.

Шунингдек, мазкур иш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши билан бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов раҳбарлигида Ҳукумат комиссияси тузилган. Ҳамда қулаб тушган бино ёнидаги иншоот ҳам хавфли ҳолатда тургани маълум бўлган.