Ўзбекистонда судьяларга пенсия тайинлаш тартиби ўзгартирилди

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 15 декабрда қабул қилинган «Судьялар ва уларнинг оила аъзолари пенсия таъминоти шартлари, меъёрлари ҳамда тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги 783-сон қарорига мувофиқ судьяларга пенсия тайинлаш тартиби ўзгартирилди.

Фото: «Tez News»

Ҳужжат Президентнинг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ қабул қилинган. Ҳужжатда белгиланишича, Олий суд аппарати раҳбари, бошқарма бошлиқларига нисбатан Олий суд судьялари учун белгиланган, Олий суднинг бошқарув ходимлари таркибига киритилган бошқа ходимларига нисбатан эса, вилоят судлари судьялари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади.

Бунда қайд этилган шартлар фақат муқаддам судьялик лавозимида ишлаган шахсларга нисбатан қўлланилиши, ушбу шахсларнинг шу лавозимларда ишлаган вақти судьялик стажига қўшилиши ва пенсия тайинлашда ҳисобга олиниши белгиланган. Шунингдек, судья лавозимидан бошқа ишга ўтказилган шахслар ушбу низомнинг 30-бандида назарда тутилган тартибда пенсия олиш ҳуқуқига эга.

Қайд этилишича, ногиронлик пенсиясини тайинлашда ёшга доир чекловлар олиб ташланди. I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган 50 ёшдаги ва ундан ошган шахслар ногиронлик юзага келгунига қадар судья сифатида 10 йиллик иш стажи мавжуд бўлганда, пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар (илгари 60 ёшгача эди).

Маълумот ўрнида, ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2021 йил 1 январдан кучга кирган.

Аввалроқ Ўзбекистонда суд органлари фаолияти давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар