Шавкат Мирзиёев саноат ва логистикага оид инвестиция лойиҳалари билан танишди

Шавкат Мирзиёев 25 январь, душанба куни саноат ва логистика соҳаларига оид инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Хабарга кўра, танишилган лойиҳалардан бири — Тошкент шаҳрида оқартирилган туника ишлаб чиқариш лойиҳаси учун 280 миллион евро йўналтирилади. Унинг йиллик қуввати 120 минг тонна бўлиши, 750 та иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Шунингдек, қиймати 2 триллион сўмдан зиёд бўлган Жиззах вилоятидаги юқори маркали цемент ишлаб чиқариш лойиҳаси самарасида йилига 1 миллион 300 минг тонна цемент тайёрлаш, шундан 200 минг тоннасини экспорт қилиш қуввати пайдо бўлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бундан ташқари, 735 миллиард сўмлик яна бир лойиҳа музлатгич, совутгич ва кондиционерлар учун герметик компрессор ишлаб чиқаришга қаратилган. Унинг йиллик қуввати 3 миллион дона бўлиб, шундан 500 минг донаси экспортга йўналтирилиши, 300 та иш ўрни яратилиши мўлжалланган. Тақдимотда электрон сув ҳисоблагичлар, темир-бетон ва керамика маҳсулотларига оид лойиҳалар ҳам кўрсатилган.

Тошкент шаҳри ва вилоятларда логистика марказлари ташкил этиш лойиҳаларига алоҳида аҳамият қаратилган. Бу марказлар озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат омборларини ўз ичига олади, карго, курьерлик ва электрон тижорат хизматлари кўрсатадиган бўлади. Таъкидланишича, унда 5 мингдан зиёд иш ўрни яратилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Давлатимиз раҳбари лойиҳаларни сифатли амалга ошириш учун уларни экспертизадан ўтказиш бўйича топшириқ берди. Бу тизимни тармоқлар ва ҳудудлар кесимида ҳам татбиқ этиб, инвестиция лойиҳаларининг тайёрланиши ва бажарилишини баҳолаб бориш, қуйи бўғиндаги мутахассисларга кўмаклашиш зарурлигини таъкидлади», дейилади хабарда.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Бухородаги 65 миллион долларлик корхонани бориб кўргани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар