БААнинг «Jetex» компанияси Ўзбекистон авиация бозорига кирмоқчи

Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев Бирлашган Араб Амирликларининг «Jetex» компанияси вакиллари билан видеоконференцалоқа шаклида учрашув ўтказди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, учрашувда «Jetex» компанияси Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида FBO (Fixed Base Operator) шаклида давлат хусусий шерикчилиги асосида VIP ва CIP мижозларга хизмат кўрсатишни ташкил этиш бўйича инвестицион лойиҳани амалга оширишга қизиқиш билдирди. Компания айни мазкур лойиҳа доирасида ўз маблағи ҳисобидан «Тошкент» халқаро аэропорти инфратузилмасини янада ривожлантириш мақсадида йўловчилар ва бизнес авиацияга хизмат кўрсатувчи янги махсус терминал ва ангар қуришни режалаштирмоқда.

Маълумот учун, «Jetex» компанияси 2005 йилда ташкил этилган бўлиб, 5 қитъада 30 та бизнес бирлашмасига эга глобал тармоқни ташкил этган. Шунингдек, «Jetex» Яқин Шарқ, Туркия ва Покистонда «HondaJet» компаниясининг расмий дилери ҳисобланади.

FBO — аэропортларда ҳаво кемалари ва йўловчиларга комплекс сервис хизматлари кўрсатувчи, хусусан, ҳаво кемаларига ёқилғи қуйиш, тўхташ жойи, ангарда сақлаш, техник ва таъмирлаш хизматларини кўрсатиш, ҳаво кемаларини ижарага бериш, чартерларни сотиш, такси ва яна бошқа кўплаб хизмат турларини кўрсатувчи ташкилот.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Элёр Ғаниев транспорт вазири лавозимини тарк этгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар