Қоракўлда пахтага 13 мингдан зиёд теримчи жалб қилинди (фото)
Бухоро вилояти Қоракўл туманида пахта йиғим-терим ишларига 13 мингдан зиёд теримчи жалб қилинди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қоракўл туманига борган. Ишчи гуруҳ мажбурий меҳнат ҳолатлари ва пахта йиғими даврида теримчилар учун яратилган шароитлар билан танишган. Шунингдек, ишчи гуруҳ азолари тумандаги бир қатор фермер хўжаликлари далаларида бўлган.
Қайд этилишича, ҳудуддаги 150 та фермер хўжалиги «Мергантекс» кластери билан 21 минг 178 тонна пахта етиштириш бўйича шартнома тузган. Йиғим-терим ишларини амалга ошириш учун 205 та отряд шакллантирилиб, уларга 13 213 нафар теримчи жалб этилган.
Далада теримга жалб қилинган теримчиларнинг барчаси маҳаллий аҳоли вакиллари бўли, Кластер томонидан сифатли терилган ҳар 2 тонна пахта учун 10 кг ўсимлик ёғи рағбатлантириш сифатида берилиши ташкил этилган. Иккинчи теримга қўшимча равишда 400 сўмдан маблағ тўланиши режалаштирилган. Пахта даласини кўздан кечириш давомида бюджет ташкилотлари ходимлари ҳамда вояга етмаганларни теримга жалб этиш ҳолатлари кузатилмаган.
Шундан сўнг ишчи гуруҳ тумандаги «Мўйначи ҳунарманд» фермер хўжалиги тасарруфидаги Қоракўл териларини қайта ишлаш ва улардан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш цехида бўлган.
Аввалроқ Расул Кушербаев блогерлар ҳаракатининг тартибга солиниши эркинликнинг бўғилиши эканини таъкидлангани, Расул Кушербаев борига қаноат қилмайдиган нафси бузуқларга лавозим бермаслик кераклигини айтгани ҳақида хабар берилган эди.