Расул Кушербаев блогерлар ҳаракатининг тартибга солиниши эркинликнинг бўғилиши эканини таъкидлади

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев «Tez News»га берган интервьюсида блогерлар фаолияти ва уларга қўйиладиган мажбуриятлар, шунингдек, блогерлар ҳаракатини тартибга солиш, журналистик фаолиятга доир қонунлар борасида ўз фикр-мулоҳазларини билдирди.

https://youtu.be/vbD0SLG6v3k?t=1244

«Блогер тушунчаси 2014 йил сентябрь ойида ‘Aхборотлаштириш тўғрисида’ги қонунга киритилган ва блогер ўзининг саҳифаси орқали қандай ахборотларни тарқатиши тақиқланиши, қанақа мажбуриятлари борлиги ва бошқа талаблар умумий кўрсатилган. Aгар мана шу қонуннинг ўзи ҳам амалда ишласа, уларни тартибга солиш мумкин. Фақат бунга ким амал қиляпти, ким амал қилмаяпти ва буни ким назорат қилади, деган савол туғилади», — дейди Расул Кушербаев.

Депутат сўзлари давомида блогерлик кўпроқ фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш билан бевосита боғлиқ эканлигини таъкидлаган.

«Маълум бир юқори аудиторияга эга бўлганларнигина кузатиб бориш имкони бўлар, лекин махсус органлар бутун аҳолини назорат қилолмайди. Ўз-ўзидан аҳоли конституциявий тузумга қарши курашишни тарғиб этадиган, болалар онгини заҳарлайдиган ёки нотўғри ахборот ва ҳоказоларни тарқатиш қонунни бузиш эканлигини тушуниб етиши керак, мустақил масъулиятни ҳис қилиши керак. Буни ҳам фуқароларнинг хатоси деб бўлмайди. Демак, умумий тарбияда, тарғиботда биз — шунга масъуллар қандайдир хатоликка йўл қўйдик. Яъни ўргатолмадик, ёки кеч қолдик ва бу жараён биргина бизда эмас, деб ўйлайман», — дея фикр билдиради депутат.

Бундан ташқари, Расул Кушербаев суҳбат давомида блогерлик соҳасини алоҳида тартибга солиб, қонунлар билан белгилаш керак, деган фикрга қўшилмаслигини, қанча тартибга солишга ҳаракат қилинадиган бўлса, бу фақат чеклов олиб келиши ҳақида гапирган. Шунингдек, чеклов мустақиллик, эркинликни бузиб қўйиши ва бу янада салбий фикрларни кўпайтириб юбориши мумкинлигини айтиб ўтган.

«Шунинг учун амалдаги қонунларимиз бор ва улар етарли даражада. «Aхборотлаштириш тўғрисида», «Aхборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида» ёки журналистика соҳасига оид «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида», «Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида». Aслида, оддий фуқаро билан журналист ўртасидаги фарқ нимада? Фуқаро — бу эркин одам. У ишхонасидан мажбурият олмайди. Керак бўлса, этика-эстетика ва бошқаларга амал қилиш унга юклатиламаган. Лекин ўзида ижтимоий масъулият бўлиши керак. Профессионал журналист эса ўз номи билан журналист. У сут соғувчимас, қурувчимас. Нисбатан фуқародан кўра унда масъулият кўп бўлади», — дейди Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев.

Эслатиб ўтамиз, Расул Кушербаев ёлғон ахборотнинг оқибати билан эмас, сабаби билан курашилса, натижа бўлишини таъкидлаганди.

Шунингдек, аввалроқ депутат интервью давомида масъул раҳбарлар халқнинг мурожаатларини «копток» қилиши керак эмаслиги, энг катта муаммо рост ва ёлғон ахборотни ажратиб олишда экани ҳамда нега аҳоли орасида Президент порталига мурожаат қилиш ҳолати авж олганлиги ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтган.

Янгиликлар