Қирғизистондан 16 мингдан ортиқ кучли таъсир қилувчи дориларни олиб келганлар ушланди

Қирғизистондан катта миқдордаги кучли таъсир қилувчи дори воситаларини олиб келган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Хусусан, Наманган шаҳрида яшовчи, муқаддам судланган шахс Қирғиз Республикасидан кучли таъсир қилувчи дори воситаларини олиб келиб, сотишни режалаштирган.

Ушбу мақсадда у қирғизистонлик танишига алоқага чиқиб, катта партиядаги дори воситаларини етказиб беришини сўрайди.

Ўз навбатида Қирғизстон фуқароси 16,755 дона «Регапен» номли кучли таъсир қилувчи дори воситаларини айланма йўллар орқали Косонсой туманига олиб келиб, хуфия жойга қолдиради.

Наманганлик шахс эса ушбу дори воситаларини Косонсой туманидан Наманган шаҳрига келтириб бериши учун ўзининг ҳамшаҳарига 500 минг сўм ваъда қилади.

 Тезкор тадбирда куръер дори воситаларини хуфия жойдан олиб кетаётган вақтида ушланди. Шунингдек тезкор тадбир давом эттирилиб, буюртмачи ҳам процессуал тартибда қўлга олинди, — дейилади хабарда.

Ҳозирда ушбу 2 нафар фуқарога нисбатан Жиноят Кодексининг 246-моддаси 1-қисми ва 251-1-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

Ўзбекистон