Сурхондарёда солиқ инспектори пора билан ушланди
Сурхондарё вилояти, Шўрчи тумани Давлат солиқ инспекциясининг инспектори хизмат мавқеидан фойдаланиб, пора устида қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Хусусан, инспектор фуқаро билан ўзаро тил бириктириб, маҳаллий тадбиркорга тегишли МЧЖнинг 19 млн 400 минг сўмлик солиқ қарздорлигини сўндириб бериш эвазига 8 млн сўм талаб қилган.
Ўтказилган тезкор тадбирда, дастлаб фуқаро сўралган пул маблағини олган вақтда ушланди.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу фуқародан 6 млн. сўмни учинчи шахс орқали олган вақтида солиқ инспекторининг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилди, — дейилади хабарда.
Ҳозирда солиқ инспекторига нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди ва 210-моддаси 2-қисми «в» банди билан, унинг жиноий шериги бўлган фуқарога эса Жиноят Кодексининг 28,168-моддаси 3-қисми «в» банди ва 212-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.