Шавкат Мирзиёев Дональд Трамп билан телефон орқали мулоқот қилди

5 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Суҳбат аввалида АҚШ Президенти сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда иқтисодиётни модернизация қилиш ва аҳоли фаровонлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотларни юксак баҳолади ва қўллаб-қувватлади.

Ўзбекистон раҳбари, ўз навбатида, Президент Дональд Трампни АҚШ маъмурияти олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатнинг улкан натижалари билан самимий табриклади. Америка томонининг халқаро ва минтақавий можароларни тинч йўл билан ҳал қилиш, глобал хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қўшаётган ҳиссаси ва саъй-ҳаракатлари алоҳида қайд этилди.

Икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Устувор тармоқларда бизнес кооперация лойиҳаларини илгари суриш ва савдо битимлари ҳажмини тубдан ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Таъкидланишича, сўнгги йилларда ўзаро савдо кўрсаткичларининг барқарор ўсиши кузатилмоқда. 2024 йилда товар айирбошлаш 15 фоизга ошган.

Истиқболли кооперация лойиҳалари портфели фуқаро авиацияси, муҳим минерал ресурслар, электротехника саноати, энергетика, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар, молия, инновациялар, таълим ва кўплаб бошқа йўналишларни қамраб олгани билдирилди.

Шунингдек, келгуси йили АҚШда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси илк бор иштирок этиши мамнуният билан қайд этилди. АҚШ етакчиси футбол терма жамоамизга чин дилдан омад тилади.

Телефон мулоқоти чоғида давлат раҳбарлари долзарб халқаро масалалар, жумладан, Марказий Осиё давлатлари ва АҚШнинг C5+1 шаклидаги минтақавий ҳамкорлигини чуқурлаштириш юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Ўзбекистон раҳбари Президент Дональд Трампни ўзи учун қулай муддатда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф этди. Амалий ҳамкорлик бўйича лойиҳа ва дастурларни илгари суриш мақсадида олий даражадаги мулоқотларни давом эттиришга келишиб олинди.

Ўзбекистон