Ўзбекистонда энг кўп қайси олийгоҳ талабалари жиноят содир этгани маълум бўлди
Ўзбекистонда 2025 йилнинг биринчи яримида олий ўқув юртлари талабалари томонидан 300 дан ортиқ жиноят содир этилган. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати хабар берди.
2024 йилда олий таълим муассасалари талабалари иштирокида 761 та жиноят содир этилган бўлса, 2025 йилнинг 6 ойи давомида 102 та олий таълим муассасасининг 307 та талабаси томонидан жиноят содир этилган, — дейилади хабарда.
Хусусан, жиноятларнинг асосий қисмини йўл-транспорт ҳодисалари, ўғрилик, тан жароҳати етказиш, безорилик, фирибгарлик каби жиноятлари ташкил этган.
Ҳудудлар кесимида жиноятларнинг аксарияти Тошкент шаҳри, Тошкент, Бухоро, Наманган, Андижон, Самарқанд, Фарғона, Сурхондарё вилоятларига тўғри келади.
Олий таълим муассасалари кесимида эса жиноятларнинг кўпчилик қисми Тошкент давлат транспорт университети, Ўзбекистон миллий университети, Тошкент давлат техника университети, Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳиссасига тўғри келган.
Айрим олий таълим муассасаларида таълим жараёнини мунтазам назорат қилиш, талабаларнинг дарс машғулотларига қатнашини етарли даражада мониторинг қилинмаганлиги оқибатида талабалар томонидан дарс вақтида, яъни соат 08:00 дан 16:00 гача бўлган давр мобайнида жиноятлар содир этилган, — деб таъкидланди
Сўнгги йилларда олий таълим соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганига қарамай, соҳада фаолият юритаётган шахсларга нисбатан коррупция ҳолатлари бўйича қатор жиноят ишлари қўзғатилганлиги айтилди.
Муҳокама якунида Сенатнинг тегишли парламент сўрови юбориш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.