Расул Кушербаев нега аҳоли орасида Президент порталига мурожаат қилиш ҳолати авж олганини маълум қилди

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев «Tez News»га берган интервьюсида аҳоли орасида Президент порталига мурожаат қилиш ҳолати авж олганининг сабабини  маълум қилди.

Депутатнинг таъкидлашича, фуқаролар орасида Президент порталига мурожаат қилиш ҳолатининг кўпайишига сабаб улардаги ҳуқуқий саводхонлик масаласи. Иккинчи муаммо эса жойлардаги айрим тармоқ тизимлари талаб даражасида ишланмаётгани билан боғлиқ.

Аҳоли қонундан кўра шахсларга суянишга ҳаракат қилади. Аслида эса ҳар бир органнинг қонунда белгилаб қўйилган ўз мажбуриятлари бор. Шундан келиб чиқиб мурожаат қилиниши керак аслида. Чунки Президент порталига мурожаат қилинса ҳам, депутатга мурожаат қилинса ҳам, барибир ўз ижрочисига боради. Бундан эса фуқаролар норози бўлади.

Унинг таъкидлашича, фуқароларда идора ва ташкилотларга бўлган ишончсизлик бор. Улар Президентга мурожаат қилишни маъқул кўради.

«Бу бир жиҳатдан нормаль ҳолатдир, иккинчи жиҳатдан эса нонормаль ҳолат. Демак, жойлардаги тизимлар, ташкилотлар одамлар олдида ишончини йўқотиб қўйган. Одамлар уларга ишонмайди. Президентга ишонади. Аммо бу билан муаммоларни тизимли ҳал қилишнинг ҳар доим ҳам имкони бўлмайди. Шунинг учун тизимлар, ташкилотлар ишлаши керак. Шу билан бирга, биз аҳолининг ҳуқуқий саводхонлик масаласини ҳал қилишимиз керак», — дейди Расул Кушербаев.

Маълум қилинишича Президентнинг ҳуқуқий тарғибот масаласида бир нечта фармони қабул қилинди. Адлия вазирлигида дастур қабул қилинди.

«Лекин иккинчи муаммо шуки, амалда ушбу қонунлар қанчалик ишлайди? Масалан, сиз ҳуқуқингизни билганингиз билан қайсидир мансабдор очиқчасига бунга риоя қилмаса, ‘Дардингни кимга айтасан?’ деган савол туғилади. Афсуски, фуқаролардан ташқари, идора ва ташкилотлар қонунларни очиқчасига тан олмайди. Шунинг учун ҳам фуқароларда кўпроқ порталга мурожаат қилиш фикри бўлади. Бу ўз ўрнида параллел равишда ижрочиларнинг ҳам қонунга сўзсиз итоат қилиш шаклланиши кераклигини кўрсатади», — дейди депутат.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Расул Кушербаев мурожаатлар бўйича келиб чиқаётган муаммоларда одамлар эмас, биринчи навбатда, масъул раҳбарлар айбдор эканлигини таъкидлаганди.

Янгиликлар