Наманганда салкам 6,5 млн сўм алимент тўламаган ота 15 суткага қамалди
Наманган шаҳрида 6 миллион 374 минг 842 сўм алимент тўламаган ота 15 суткага қамалди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси шаҳар бўлими «Tez News»га хабар қилди.
Маълум қилинишича, фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг қарорига кўра қарздор Э.Й. дан фуқаро М.Х. фойдасига бир нафар фарзанди таъминоти учун 1/4 қисм миқдорида алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати мавжуд эди.
Қайд этилишича, бюронинг шаҳар бўлими давлат ижрочиси томонидан қарздорга фарзанди учун моддий таъминотини вақтида тўланиши, акс ҳолда қонунчиликга киритилган ўзгартиришларга асосан маъмурий қамоқ жазоси белгиланиши бўйича тушунтиришлар берилган. Ота огоҳлантиришларга қарамай алиментни ўз вақтида тўлаб келмаган. Қарздорлик эса ойдан ойга ўтиб, 1 cентябрь ҳолатига кўра 6 миллион 374 минг 842 сўмни ташкил этган.
Қарздор отага амалдаги қонунчиликка кўра маъмурий суднинг ҳукми билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Аввалроқ Aсакада алимент тўламаган уч нафар шахс 15 суткага қамалгани ҳамда Қашқадарёда МИБ ёрдамида 3 ойдан бери алимент ололмаётган аёлга пуллар ундириб берилгани ҳақида хабар қилинганди.