Пайариқда 15 млн сўмдан зиёд алимент тўламай, қочиб юрган ота 15 суткага қамалди

Самарқанд вилояти Пайариқ туманида 15 миллион 106 минг сўм алимент тўламай, қочиб юрган ота 15 суткага қамалди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси туман бўлими ахборот хизмати «Tez News»га хабар қилди.

Хабарга кўра, қарздор Р.Ҳ. дан ундирувчи A.H. фойдасига икки нафар фарзандини моддий таъминоти учун ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг учдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Мазкур ижро ҳужжати бўлим иш юритувига келиб тушган ва ижро иши юритиш қўзғатилган.

Қайд этилишича, қарздор Р.Ҳ. мол-мулкини аниқлаш мақсадида тегишли давлат идораларига сўров хатлари юборилган. Унга кўра қарздор номига расмийлаштирилган мол-мулклар аниқланмаган.

Ижро ҳаракатлари давомида қарздор Р.Ҳ. бир неча марта огоҳлантиришларга қарамасдан 2019 йилнинг март ойидан буён тўламай келаётганлиги аниқланган. Оқибатда унинг алимент қарздорлиги ҳисоб-китоб қилинганда бугунги кун ҳолатига кўра, 15 миллион 106 минг сўмни ташкил этган.

Шунингдек, қарздор алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаб қочиб юрган. Унга нисбатан давлат ижрочисининг қарори билан қидирув эълон қилинган ва қарор ижро этиш учун тўпланган ҳужжатлар билан биргаликда туман Ички ишлар бўлимига юборилган.

Хабарда айтилишича, олиб борилган қидирув натижасида қарздор Р.Ҳ. топиб келтирилган. Алимент қарздорлигини ундириш имкони бўлмаганлиги сабабли, унга нисбатан тўпланган ҳужжатлар Пайариқ туман маъмурий судига юборилган. Пайариқ туман маъмурий судининг қарори билан қарздор Р.Ҳ. 15 сутка қамоқ жазосига тортилди.

Аввалроқ Aсакада алимент тўламаган уч нафар шахс 15 суткага қамалгани ҳамда Қашқадарёда МИБ ёрдамида 3 ойдан бери алимент ололмаётган аёлга пуллар ундириб берилгани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар