Олотда аҳоли эҳтиёжи учун қанча озиқ-овқат маҳсулотлари етишмаслиги маълум бўлди

Халқ депутатлари Бухоро вилояти Олот тумани Кенгашининг XVII сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Олот тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, сессия Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 16 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари юзасидан белгилаб берилган масалаларга бағишланган.

Фото: Олот тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Таъкидланишича, туманда истиқомат қилаётган 97,7 минг нафар аҳолининг 2020 йилнинг ноябрь ойидан 2021 йилнинг май ойигача истеъмоли учун зарур 11 турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи ҳисоблаб чиқилган.

Фото: Олот туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Аниқланишича, аҳоли учун 1,4 минг тонна гўшт, 0,7 минг тонна парранда гўшти, 400 тонна балиқ, 2,6 минг тонна картошка, 500 тонна гуруч, 3,9 минг тонна ун, 540 тонна шакар, 31 миллион дона тухум, 500 тонна ўсимлик ёғи, 400 тонна пиёз ҳамда 1000 тонна сабзи маҳсулотлари талаб қилинади.

Фото: Олот туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Хабарга кўра, туманда сўнгги 9 ой давомида 8,6 минг тонна гўшт ва 40,6 минг тонна буғдой етиштирилган. Бундан ташқари, туман аҳолиси эҳтиёжини қондириш учун 1,2 минг тонна картошка, 540 тонна шакар ва 400 тонна пиёз маҳсулотлари етишмаслиги аниқланган.

Қайд этилишича, тумандаги ижтимоий соҳа корхоналарининг 2020—2021 йил қиш-баҳор мавсуми учун 27,5 тонна картошка, 6,1 тонна пиёз, 6,8 тонна сабзи ҳамда 2,7 тонна гуруч маҳсулотларини захирасини яратиш режалаштирилган.

Бундан аввал Жондорда ахолини озиқ-овқат билан таʼмилаш мақсадида жами 152,1 миллиард сўмлик 20 та лойиҳа амалга оширилиши ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик Ғиждувон, Шофиркон ва Когон туманларида 2021 йилнинг май ойига қадар захира қилинадиган озиқ-овқатлар ҳажми маълум қилинганди.

Янгиликлар