Ўзбекистонда 1 ноябрдан карантин чоралари кучайтирилиши рад этилди

Ўзбекистонда 1 ноябрь, якшанба кунидан карантин чоралари кучайтирилиши рад этилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда 2020 йилнинг 1 ноябридан карантин чоралари кучайтирилиши ҳақида ахборотлар тарқалмоқда. ССВ мазкур ҳолатга қуйидагича муносабат билдирган:

«Эслатиб ўтамиз, бу каби ёлғон хабарлар орқали аҳоли орасида ваҳима қўзғашга уринишларга тегишли тартибда жавобгарлик кўзда тутилган. Ўз саломатлигингизга эътиборли бўлинг».

Аввалроқ Ўзбекистонда 1 июлдан 1 августгача карантин чоралари қайта кучайтирилган. Кейинчалик Шавкат Мирзиёев карантин муддатини узайтиришга розилик билдирган ва чекловлар 15 августгача узайтирилган.

Сўнгра 15 августдан кейин карантин чекловлари юмшатилган ҳамда уларнинг қайсилари сақланиб қолиниши маълум қилинган. Шунингдек, карантин чоралари босқичма-босқич юмшатилиши сабабли Республика махсус комиссияси фуқароларга мурожаат йўллаган ва ҳимоя чораларига амал қилинмаса, карантин такроран кучга киритилиши мумкинлиги айтилган.

Бундан ташқари, Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Нурмат Отабеков агар аҳоли карантин ва чеклов тадбирларини менсимай, профилактик тадбирларни унутиб, мутахассис-шифокорларнинг тавсияларига риоя этмаса, касаллик кўпайиб кетиши ва Республика махсус комиссияси карантин чораларини кучайтириш тўғрисида қарор қабул қилишга мажбур бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.

Маълумот учун, дунё бўйлаб COVID-19 инфекциясини юқтириб олганлар сони 43 миллион нафардан ошган. Шунингдек, Ўзбекистонда мазкур касалликни юқтирганлар сони 63 200 нафарни ташкил этмоқда.

Янгиликлар