«Ҳимоя чораларига амал қилинмаса, карантин такроран кучга киритилиши мумкин» — Республика махсус комиссияси

Ўзбекистонда 15 августдан бошлаб карантин чоралари босқичма-босқич юмшатилиши сабабли Республика махсус комиссияси фуқароларга мурожаат йўллади.

«Аввало, мамлакатимизда истиқомат қилувчи барча фуқароларга 2020 йил 10 июлдан буён жорий этилган карантин чекловларига қатъий ва интизомли равишда риоя этганлари учун ўз миннатдорчилигимизни билдирмоқчимиз. Бу коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ ҳолатни барқарорлаштириш имконини яратди», — дейилади мурожaат бошида.

Маълум қилинишича, карантин чекловлари республикада иқтисодий ва ижтимоий соҳаларнинг барқарор ишлашини таъминлаш, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида юмшатилади. Шунингдек, мурожаатда карантин қоидаларини юмшатиш уни бекор қилишни англатмаслиги таъкидланган. Бундан ташқари, комиссия фуқаролардан касалланишлар сони кўпайишининг олдини олиш мақсадида шахсий ҳимоя чораларига қатъий риоя қилишни давом эттиришини сўраган.

Шу жумладан:

• жамоат жойларида ниқоб тақиб юриш;

• ижтимоий масофани сақлаш;

• қўлларни мунтазам ювиш ва антисептик гигиена воситаларидан доимий фойдаланиш.

«Ушбу қоидаларга амал қилмаслик касалликнинг қайта авж олишига ва натижада қаттиқ карантин чоралари такроран кучга киритилишига олиб келиши мумкин», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Ўзбекистонда 15 августдан кейин карантин чекловларидан қайсилари сақланиб қолиниши маълум қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 15 августдан маҳаллий авиа ва темир йўл қатновлари босқичма-босқич тикланади ҳамда нодавлат мактаблар ва боғчалар фаолиятига рухсат берилади. Шунингдек, масжидлар 17 августдан бошлаб ҳар куни ишлайди.