Самарқандда ўтган 9 ойда 21,1 млрд сўм қўшимча даромад манбаалари аниқланди
Самарқанд вилоятидаги молия органлари томонидан маҳаллий бюджетнинг даромадлар базасини кенгайтириш, қўшимча заҳираларни аниқлаш борасида кўрилган чоралар натижасида ўтган 9 ойда 21 минг 989 ҳолатда 21,1 миллиард сўм қўшимча даромад манбаалари аниқланди. Бу ҳақда ЎзA хабар қилди.
Маълум қилинишича, бошқарма томонидан кадастр, электр тармоқлари корхоналари, газ идоралари ва ФҲДЁ бўлимлардан тегишли маълумотлар олиниб, тадбиркорлик субъектларининг ҳудудий солиқ идораларига тақдим этган маълумотлари билан солиштирилганда, 21,4 миллиард сўм қўшимча даромад манбалари мавжудлиги аниқланган.
Таъкидланишича, жсмоний шахсларга тегишли бўлган турар жой объектлари қайта баҳолангани ва солиқ идоралари томонидан солиқ манбаси сифатида қамраб олингани таҳлил қилинганда, вилоят бўйича 751 минг 228 та турар жой объектидан 55 минг 639 тасида турар жой мулклари мавжуд эмаслиги кўрсатилган. Лекин, маҳалла фуқаролар йиғинлари жалб этилиб, ушбу ҳолатнинг ҳаққонийлиги ўрганилганда, 12 минг 272 та турар жойда мулклар мавжудлиги, шунингдек, молия бўлимлари томонидан жойига чиқиб танланма асосида ўрганилганда, 906 тасида мулк объектлари борлиги аниқланган.
Қайд этилишича, 3275 ҳолатда юридик корхоналар томонидан давлат солиқ инспекцияларига тақдим этилган ҳисоботлар таҳлил қилинганда, 480 ҳолатда кадастр маълумоти билан солиқ тўловчилар ўртасида 481,1 гектар ер майдони кам кўрсатилганлиги кузатилган. Бунинг оқибатида ушбу ер майдонлари солиқ базасига киритилмаган ва 7,7 миллиард сўм солиқ ҳисобланмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тойлоқда сўнгги 9 ойда даромадлар тушуми прогнози салкам 33 млрд сўмни ташкил этгани ҳамда Самарқанд вилояти суди ўтган 9 ойда қанча фуқаролик ишини кўриб чиққани маълум бўлгани ҳақда хабар қилинганди.