Дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 60 миллиондан ошди

Дунёда коронавирус пандемияси бошлангандан буён 60 миллиондан ортиқ киши COVID-19 инфекциясини юқтириб олди. «Worldometer» сайтидаги сўнгги янгиланишлар шундан далолат бермоқда.

Фото: «CBC»

Тошкент вақти билан соат 15:00 ҳолатига кўра, дунёда коронавирусга чалинганлар сони 60 197 077 кишига етган. Беморларнинг 1 417 003 нафари вафот этган, 41 653 274 нафари соғайган. Aйни пайтда дунё бўйлаб ўлим даражаси 3 фоизни ташкил этмоқда. Ҳозирда 17 126 800 киши касалликдан даволанмоқда.

Скрин: «Worldometer»

AҚШ дунёда коронавирус билан зарарланиш бўйича биринчи ўринда бормоқда. Мамлакатда 12 957 042 киши вирус юқтирган. Шунингдек, Ҳиндистон 9 222 216 нафар бемор билан иккинчи, Бразилия эса 6 121 449 бемор билан учинчи ўринда турибди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 25 ноябрь соат 13:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 72 098 нафарни ташкил этмоқда. Aйни пайтга қадар 69 302 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаро (96 фоиз) соғайган. Ҳозирда 2191 нафар беморга шифокорлар томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.

Маълумот ўрнида, SARS-CoV-2 коронавируси 2019 йилнинг декабрь ойида Хитойнинг Хубэй провинциясидаги Ухан шаҳрида аниқланган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 11 март куни COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишини пандемия деб эълон қилган.

Янгиликлар