Сирдарёда ўтган 10 ойда «темир дафтар»га киритилган ишсиз фуқароларнинг қанчаси иш билан таъминлангани маълум қилинди
Шавкат Мирзиёев раислигида 24 ноябрь, сешнаба куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистонда «темир дафтар»га киритилган ишсиз фуқароларнинг қарийб 90 фоизининг бандлиги таъминлангани маълум бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, 2020 йил бошида ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар ҳокими халққа мурожаат қилиб, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича аниқ режаларини белгилаб олган эди. Уларни амалга ошириш мақсадида, бу йилги мураккаб синовларга қарамасдан, бизнесни қўллаб-қувватлаш учун етарли ресурслар ажратиб, барча зарур шароитлар яратилган.
Мавзуга доир: «Бундай клиникани бошқариш тажрибаси бизда йўқ». Президент кўп тармоқли тиббиёт маркази қурилишини бориб кўрди
Йиғилишда ҳокимлар ва сектор раҳбарларининг асосий вазифаси ва зиммасига олган мажбурияти янги иш ўринлари яратиб, эҳтиёжманд оилаларни «темир дафтар»дан чиқариш борасидаги ишлар натижадорлиги кўриб чиқилган.
Қайд этилишича, Сирдарё вилоятида ўтган 10 ойда 12 мингта доимий иш ўрни ташкил этилган. Натижада «темир дафтар»га киритилган ишсиз фуқароларнинг қарийб 90 фоизи бандлиги таъминланган. Шунингдек, Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри ва Китоб тумани, Навоий вилоятининг Қизилтепа, Учқудуқ, Навбаҳор туманлари ва Зарафшон шаҳрида кўп иш ўрни яратилгани қайд этилган. Шу билан бирга, бу борада аҳвол қониқарсиз бўлган туманлардаги сусткашликлар кўрсатиб ўтилган.
«Ҳар бир ҳудудда тадбиркорликни ривожлантиришнинг катта ресурслари бор. Фақат уни ишга солиш керак. Ҳудуд раҳбарлари ҳар куни бу ҳақда ўйлаши ва изланиши лозим», — дейди Президент.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Чилонзор тумани мутасаддилари ва ёшлари билан учрашгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Президент шошилинч тиббий ёрдам илмий марказидаги янги бино қурилиши билан танишгани ҳақида хабар берилган.