Тошкентдаги савдо расталарида 10 турдаги сифатсиз пишлоқ маҳсулотлари сотилаётгани маълум бўлди

Тошкент шаҳрида олиб борилган назорат хариди ва экспертизаси давомида 10 турдаги сифатсиз пишлоқ маҳсулотларининг сотилаётганлиги аниқланди. Бу ҳақда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги директори Элмурод Ҳайитметов 25 ноябрь, чоршанба куни АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди, дея хабар бермоқда «Tez News» мухбири.

Фото: «Tez News»

Агентлик директори Элмурод Ҳайитметовнинг айтишича, чакана савдо шохобчаларида халқ истеъмоли товарлари назорат харидини амалга ошириш ва товарларни экспертизадан (лаборатория синовларидан) ўтказиш, шу жумладан, импорт ва маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида саноат трансёғлари, жумладан, техник пальма ёғи бўлмаслиги устидан назорат ўрнатиш бўйича тадбирлар ўтказилган.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунга қадар мазкур тадбирлар давомида агентлик «Ўзстандарт» агентлиги ва Санитария-эпидемиология хизмати билан ҳамкорликда 10 турдаги (ун, қолипли нон, шакар, идишдаги ичимлик суви, сутли консерва, колбаса маҳсулоти, сариёғ, гўштли консерва, пишлоқ, ёғ-мой маҳсулотлари) маҳсулот назорат хариди ва экспертизасини амалга оширган.

«10 та савдо номидаги пишлоқ маҳсулотлари (8 та маҳаллий, 1 та Россия, 1 та Беларусь)нинг синов натижаларига кўра, аксарият пишлоқ намуналари таркибида ўсимлик ёғлари мавжудлиги аниқланган. 4 та намунанинг микробиологик кўрсаткичлар бўйича талабга жавоб бермаслиги маълум бўлган. 5 та намуна қуруқ жисмдаги ёғнинг умумий ҳиссаси бўйича талабларга жавоб бермайди. 1 та намуна эса намлик даражаси бўйича 28,5 фоиз кўрсаткични қайд этган. Регламент талабларига кўра, бу кўрсаткич 40 фоиздан 60 фоизгача оралиқда бўлиши лозим», — дейди агентлик директори.

Элмурод Ҳайитметовнинг таъкидлашича, барча — 10 намунадаги пишлоқ маҳсулотларининг 9 таси регламентнинг қайсидир талабларига жавоб бермаслиги маълум бўлган.

Маълумот ўрнида, юқоридаги назорат хариди тадбирлари Президентнинг 2020 йил 11 ноябрдаги «Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида чакана савдо шохобчаларида халқ истеъмоли товарлари назорат харидини амалга ошириш ва товар (иш, хизмат)ларни экспертизадан (лаборатория синовларидан) ўтказиш, шу жумладан, импорт ва маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида саноат трансёғлари, жумладан, техник пальма ёғи бўлмаслиги устидан назорат ўрнатиш вазифаси белгиланган.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2021 йил 1 апрелдан бойитилмаган юқори навли ун импортига чеклов қўйилиши ҳақида хабар берилганди.