«Ucell шаффоф, очиқ ва самарали ишлайди». Абонентларнинг ҳисобидан ечиб олинган 97 миллион сўм пул уларга қайтарилди

«CОSCОМ» МЧЖ (Ucell савдо белгиси) Монополияга қарши қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги веб-сайтида чоп этилган «Иловани юклаб олинг, чироқни ишқаланг ва совғаларга эга бўлинг» сарлавҳаси остидаги мақола билан танишиб чиқиб, материалга бир қатор масалаларга ойдинлик киритди.

Маълум қилинишича, Ucell «First IТ-Group» МЧЖ контент-провайдери базасида тақдим этилган «Al-Chiroq» мобиль иловаси ишида аниқланган техник носозликни ўша куннинг ўзидаёқ, яъни 2020 йил 30 сентябрда бартараф этишни бошлаган.

Унга кўра, 2020 йил 5 октябрь куни Ucell абоненти томонидан «Al-Chiroq» хизматининг ишлаши тўғрисида шикоят билан компаниянинг Call-марказига қайта қўнғироқ келиб тушган пайтда техник носозликни бартараф этиш бўйича тадбирлар контент-провайдер томонидан муваффақиятли якунланган ва «Al-Chiroq» иловасининг ишлаши тўлиқ тикланган.

Ucell, бозорнинг масъулиятли иштирокчиси сифатида, техник носозликларни бартараф этгандан сўнг ушбу мобиль иловадан фойдаланган компания абонентлари учун 30 сентябрдан 5 октябргача муддатда бўлган тўловларни қайта ҳисоб-китобларни амалга ошириш мақсадида текширув бошлаган.

Шундан сўнг — 2020 йил 6 октябрдан 9 октябргача Ucell қайта ҳисоб-китоб қилиш учун таҳлил ва барча зарур процедураларни ўтказиб, унда «Al-Chiroq» иловаси фаолиятидаги техник носозликни бартараф этиш даврида 337 975 нафар Ucell абоненти ушбу дастурдан фойдаланганлиги аниқланган. Ушбу абонентларнинг ҳисобидан ечиб олинган 97 432 379,33 сўм миқдоридаги маблағ эса 9 октябрь кунининг охирига қадар Ucell абонентларига қайтарилган.

Айтилишича, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги 337 975 нафар абонентга 97 миллион сўмдан ортиқ сўм қайтарилиши ҳақида фақат 6 ноябрь куни Ucell компаниясининг агентликнинг 2 ноябрдаги йилдаги сўров хатига берган жавобидан сўнг хабар топган.

Шу билан бирга, 19 ноябрь куни компания қўшимча равишда ҳар бир абонентга маблағ қайтарилганини тасдиқловчи 6377 саҳифадан иборат ҳужжатларни қўмита ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига тақдим этган.

«Шунинг учун ҳам Монополияга қарши қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан берилган мақоладаги «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан муаммони ҳал қилиш жараёнида тизимдаги (2020 йилнинг 30 сентябрдан 4 октябргача) ускуналар ишламай қолганлиги сабабли акция доирасида иштирок эта олмаган 337 975 та абонентининг фойдаланилмаган хизмат кунлари учун маблағлари компания томонидан тўлиқ қайтариб берилди ва бу 97 432 379,33 сўмни ташкил этади», сўзлари нотўғри маълумотдир, чунки аслида Ucell Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигидан 2 ноябрда келиб тушган сўровга қадар маблағларни қайта ҳисоблаб чиққан ва пулларни ўз абонентларига қайтариб бериб бўлганди», — дейди компания.

Маълумот учун, икки йилдан ортиқ вақтдан бери — 2018 йил 5 декабрдан бошлаб МЧЖ «CОSCОМ» 100 фоиз давлатга тегишли компания ҳисобланади. Сўнгги икки йил ичида 8 миллион абонентга эга Ucell Ўзбекистоннинг уяли алоқа бозорида етакчига айланган. Компания мамлакатдаги энг йирик солиқ тўловчилар қаторига киради ва Ўзбекистоннинг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётида масъулиятли корпоратив фуқаро сифатида фаол иштироки билан танилган.

«Ucell ҳар бир абонент билан шаффоф, очиқ, самарали ва тийинига қадар аниқликда ишлайди», — дея таъкидлаган компания.

Янгиликлар