Ўзбекистонда 2020 йилда газ ишлаб чиқариш ҳажми камайгани маълум бўлди

Давлат статистика қўмитаси Ўзбекистоннинг 2020 йил январь–декабрь ойларидаги саноат ишлаб чиқариш маълумотларини тақдим этди.

Фото: «Tez News»

Қайд этилишича, тоғ-кон саноати ва очиқ конларни ишлаш корхоналари томонидан 2020 йилнинг январь-декабрь ойларида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми 33,0 триллион сўмни ёки жами ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари ҳажмининг 9,0 фоизини ташкил этган.

Хусусан, 2020 йилда 49 миллион 738,7 минг тонна (2019 йилдагидан 10 млн 798,8 минг тонна кам) табиий газ, 1 миллион 408,2 минг тонна газ конденсати (2019 йилдагидан 708,6 минг тонна кам) ишлаб чиқарилган ва бу борада пасайиш кузатилган.

Шунингдек, 2020 йилда 4 миллион 131,8 минг (2019 йилда 4 миллион 55,1 минг) тонна кўмир, 733,6 минг (699,5 минг) тонна нефть ишлаб чиқарилган ва ўсиш кузатилган. Бундан ташқари, чақиқ тош — 1 миллион 816,2 минг тонна (122,4 минг тонна кам), шағал — 250,8 минг тонна (259,7 минг тонна кам), каолин — 373,4 минг тонна (3,8 минг тонна кам) ишлаб чиқариш миқдори камайган.

Аввалроқ Ўзбекистонда ички истеъмол талабини қондириш учун газ импорти йўлга қўйилиши ҳақида хабар берилганди.