Ўзбекистонда ички истеъмол талабини қондириш учун газ импорти йўлга қўйилади

Ўзбекистонда ортиб бораётган ички истеъмол талабини қондириш мақсадида табиий газ импорти йўлга қўйилади. Бу ҳақда «Ўзтрансгаз» АЖ матбуот котиби Шаҳноза Равшанова иштирокида АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилинди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, 2020 йилда республика истеъмолчиларига қарийб 40 миллиард куб/метр табиий газ етказиб берилган. Куз-қиш мавсуми совуқ келгани боис ҳукумат топшириғи билан экспорт ҳажми камайтирилиб, ички истеъмолга йўналтирилган. Шунингдек, 2020 йилда 194 километрдан ортиқ узунликдаги магистраль қувурларида қурилиш, капитал таъмирлаш ва реконструкция ишлари олиб борилган. «Ўртасарой», «Учтом», «Янги ҳаёт» ГТС қурилди, бир қатор ГТСлар замонавий талаблар асосида реконструкция қилинган. 2020 йилда республика ҳудудида жойлашган газ тақсимлаш иншоотлари миллий геоахборот тизимига тўлиқ киритилган.

Шавкат Мирзиёевнинг парламентга йўллаган мурожаатида табиий газ таъминотидаги монополия бекор қилиниб, бозор механизмлари босқичма-босқич жорий этилиши таъкидланган. Бунда ишлаб чиқарувчи ва импортёрлар биржа орқали табиий газни сотиш, улгуржи истеъмолчилар эса газни сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. «Ўзтрансгаз» АЖ эса фақат газни транспортировка қилади. Ҳозирда айни жараённинг норматив-ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилмоқда.

Таъкидланишича, 2021 йил сўнгига қадар улгуржи истеъмолчиларнинг маълум бир қисми табиий газни биржалар орқали сотиб олишни бошлайди ва бу жараён босқичма-босқич давом эттирилади. Ортиб бораётган ички истеъмол талабини қондириш мақсадида табиий газ импорти йўлга қўйилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда хонадонларга ис газини эрта аниқлайдиган қурилма ўрнатилиши ҳақда хабар берилганди.

Янгиликлар