Сурхондарёда электр узилишларидан норози аҳоли йўлни тўсиб, балон ёқди — видео

Сурхондарё вилоятининг Музработ туманидаги Оби ҳаёт маҳалла аҳолисида яшовчи фуқаролар электр энергия таъминотидаги узилишидан норози бўлиб, автомобиль йўлини ёпиб қўйди ва кўчада балон ёқди.

Кадр: Telegram

Маълум бўлишича, Музработ тумани Оби ҳаёт маҳалласида деярли бир сутка давомида чироқ бўлмаганлиги учун аҳоли норозилик билдириб кўчага чиққан ва балонларни ёқиб юборган. Кейинчалик ушбу ҳолат юзасидан вилоят ҳокимлиги муносабат билдирган.

Унга кўра, 25 декабрь куни маҳалладаги қуввати 630 кВА трансформаторнинг ишдан чиқиши оқибатида 26 декабрь куни қуввати 400 кВА бошқа трансформатор ўрнатилган. Аммо электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг ортиши натижасида у ҳам ишдан чиққан.

Туман ҳокимлиги ахборот хизматидан олинган маълумотга кўра, Оби ҳаёт маҳалласида 545 та хонадон бўлиб, ҳудуддаги 630 кВА кучланишга эга трансформаторнинг 25 декабрь куни ишдан чиқиши оқибатида 165 та хонадоннинг электр таъминотида узилиш юзага келган.

«Муаммони бартараф этиш мақсадида 27 декабрь куни 630 кВА кучланишга эга янги трансформатор ўрнатилиб, аҳоли электр энергия билан таъминланган», дейилади хабарда.

Аввалроқ Бухоро туманида газ муаммоси сабаб аҳоли норозилик намойиши уюштирганди. Кейинчалик Бухоро вилоятининг Қоракўл тумани аҳолиси ҳам газ муаммоси сабаб йўлни тўсиб қўйган.

Янгиликлар