Ўзбекистонда Аи-80 бензин нархи қанчага ошгани маълум бўлди

Ўзбекистонда АИ-80 маркали автомобиль бензинининг биржа нархлари бир тоннаси учун ўртача 5 767,9 минг сўмни ташкил этди. Бу ҳақда «Ўзбекистон товар-хом ашё биржаси» ахборот хизмати маълум қилди.

Фото6 «Tez News»

Маълум қилинишича, «Ўзбекистон товар-хом ашё биржаси»га ўтган ҳафта 30 426 тонна АИ-80 маркали автомобиль бензини қўйилган ва улардан 6 520,5 тоннаси, яъни 21,4 фоиз сотилган. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 22 харидор иштирок этган.

Шунингдек, кўриб чиқилаётган даврда АИ-80 маркали бензиннинг бошланғич нархи кўтарилгани сабабли унинг ўртача кунлик нархи ҳам маҳсулотнинг бир тоннаси учун 5 763 минг сўмдан 5 822,5 минг сўмгача ёки 1 фоизга ўсгани маълум қилинган.

Бундан ташқари, кўриб чиқилаётган даврда АИ-80 русумли бензиннинг ўртача ҳафталик котировкаси 5 767,9 минг сўмни, АИ-91’нинг нархи эса 6 958,2 минг сўмни ташкил этган.

Маълумот ўрнида, турли манбаларда келтирилишича автомобиль бензинининг бир тоннаси ўртача 1293-1370 литрни ташкил қилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда Аи-95 маркали бензин нархи арзонлаштирилгани хабар қилинган.