Ўзбекистонда Туризмни ривожлантириш ассоциацияси ташкил этилди

Ўзбекистонда туризм муҳитини такомиллаштиришга ёрдам бериш мақсадида Туризмни ривожлантириш aссоциацияси тузилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Экспортчилари уюшмаси матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Ўзбекистон Экспортчилари уюшмаси матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Ассоциация Адлия вазирлиги томонидан №312-реестр тартиб рақами билан 2021 йил 18 январь куни давлат рўйхатидан ўтказилган. Туризмни ривожлантириш ассоциациясига Одилов Дилшод Тўлқинович раис этиб тайинланган.

Маълумот ўрнида, Дилшод Одилов, 2005–2009 йилларда «ICОМ» масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси, 2006–2009 йилларда «Grand Mir» меҳмонхонасининг (4 юлдуз) савдо ва маркетинг бўлими етакчи мутахассиси, 2009–2013 йилларда эса «Grand Mir» меҳмонхонасининг (5 юлдуз) савдо ва маркетинг бўлими бошлиғи лавозимларида ишлаган.

Ҳозирда «Dunyo bo’ylab» телеканалининг «Иш бор» реалити шоуси лойиҳаси муаллифи, «Hotel Pro» масъулияти чекланган жамияти асосчиси ва директори лавозимида фаолият юритмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистон номзоди Бутунжаҳон туризм ташкилоти Ижроия кенгашига аъзоликка қўйилгани ва Навоийда туризм Қозоғистон билан ҳамкорликда ривожлантирилиши хабар қилинган эди. Шунингдек, Бўстонлиқда туризм соҳасидаги инвесторлар учун халқаро форум ўтказилиши хабар қилинган.