Ўзбекистон кино соҳасида 2017—2019 йилларда 17 млрд сўм маблағ мақсадсиз сарфлангани маълум бўлди

Ўзбекистон кино соҳасида 2017—2019 йилларда 17 миллиард сўм маблағ мақсадсиз сарфлангани маълум бўлди. Бу ҳақда «Ўзбеккино» миллий агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Молия вазирлиги Назорат-тафтиш бош бошқармаси июнь ойида 2017—2019 йилларда кино соҳасида давлат томонидан ажратилган маблағларнинг ишлатилишини ўрганиб чиққан ҳамда 17 миллиард сўм миқдоридаги маблағ мақсадсиз ишлатилганини аниқлаган. Ҳозирда ушбу материаллар Бош прокуратура томонидан ўрганилмоқда.

Қайд этилишича, май ойида агентлик қошида ташкил этилган Жамоатчилик кенгаши томонидан «Кино соҳасида коррупцияга қарши кураш» дастури қабул қилинган.

Шунингдек, миллий агентлик қошидаги Бадиий кенгашдан 2019 йилдан 2020 йилга 16 та киномаҳсулот ўтказилган.

«Ўзбеккино» томонидан қуйидаги фильмларга қўшимча маблағлар йўналтириш режалаштирилган:

  • «Илҳақ» фильмига қўшимча ҳарбий саҳналарни Беларусда суратга олиш ишларини амалга ошириш учун 200 000 доллар;
  • «Барон 2» фильмини такомиллаштириш учун 500 000 доллар миқдорида хорижий сармоя;
  • шоир Ҳамид Олимжон ва шоира Зулфия ҳақидаги «Муҳаббат баҳори» фильмининг таркибий қисмини тубдан такомиллаштириш учун зарур бўлган 12 та қўшимча саҳнани яратишга 2 миллиард сўм;
  • «Эврилиш» фильмини якунига етказиш учун 3 миллиард 220 миллион сўм.

Маълумот учун, Бадиий кенгаш қарори билан 2019 йилдан ўтган 16 лойиҳадан 12 таси суратга олинмоқда.

Бадиий кенгаш 2019 йилда кинолойиҳаларни агентликнинг молиявий имкониятларини ҳисобга олмаган ҳолда тасдиқлаган. Кино маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун 2019 йилда давлат томонидан ажратилган 56 миллиард сўм миқдоридаги бюджетдан ташқари қўшимча 43 та кинолойиҳа тасдиқланиши оқибатида 91,8 миллиард сўмлик молиявий мажбуриятлар ҳосил бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ янгиланаётган Aлишер Навоий киносаройида йил охирига қадар 10 дан ортиқ фильм премьераси ўтказилиши ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар