Ўзбекистонда Биологик хавфсизлик кенгаши ташкил этилади

Ўзбекистонда Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида биотехнологиялар соҳасида 2020–2024 йилларда бажариладиган устувор илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш юзасидан Биологик хавфсизлик кенгаши ташкил этилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, 2020 йил 25 ноябрь куни Президентнинг «Биотехнологияларни ривожлантириш ва мамлакатнинг биологик хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.

Қарор билан:

  • 2020–2024 йилларда биотехнологияларни ривожлантириш ва мамлакатнинг биологик хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури;
  • биотехнологиялар соҳасида 2020–2024 йилларда бажариладиган устувор илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш дастури тасдиқланган.

Таъкидланишича, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Биологик хавфсизлик кенгаши ташкил этилиб, кенгаш маслаҳат органи ҳисобланади ва мамлакатнинг биологик хавфсизлиги соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқишда давлат органлари, илмий, нодавлат-нотижорат ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди.

Қарорга кўра, «Tashkent Pharma Park» инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ҳудудида:

  • «Вакциналар ишлаб чиқариш майдончасини ишга тушириш» лойиҳаси амалга оширилади;
  • Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти ҳузурида хавфсизлик даражаси бўйича

«BSL-3» халқаро стандартига мос келувчи тажриба-синов лабораторияси ташкил этилади.

Бундан ташқари, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказида Копенгаген университети (Дания) билан ҳамкорликда:

  • замонавий фудомикс лабораторияси;
  • «ҳужайра технологиялари» илмий лабораторияси;
  • биотехнология, биология, биотиббиёт, кимё соҳаларида яратиладиган катта ҳажмли маълумотларни таҳлил қилиш бўйича «Big Data» миллий лабораторияси очилади.

Шу билан бирга, Фанлар академиясининг Микробиология институтида «фитовирусология» илмий лабораторияси фаолияти йўлга қўйилади ва «Ўзбекистон Республикаси биологик хавфсизлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. Мазкур биотехнологик лабораторияларни 2021 йил якунига қадар ишга тушириш назарда тутилган.

Янгиликлар