Самарқандда қимматбаҳо тошларнинг ноқонуний савдоси билан шуғулланганлар қўлга олинди

Самарқанд шаҳрида умумий қиймати 4 миллион 177 минг сўм бўлган қимматбаҳо тошларнинг ноқонуний савдоси билан шуғулланувчи 3 киши қўлга олинди.

Фото: «uznet.press»

Таъкидланишича, Самарқанд шаҳрида яшовчи 1955, 1956 ва 1970 йилда туғилган 3 нафар фуқаро умумий баҳоси 1 миллион 61 минг сўмлик 18 дона хризопраз ва 65 дона берилл тошларини 500 каратли зумрад тошлар деб алдаб, 50 минг долларга сотган. Шунингдек, заргарлар томонидан мукаммал ишлов берилмаганлиги учун ҳозирги баҳоси 3 миллион 116 минг сўмни ташкил этувчи таркибида олмослар бўлган кумуш тақинчоқни 50 долларга сотган вақтларида ушланган.

Бундан ташқари, 1956 йилда туғилган фуқаронинг яшаш манзили кўздан кечирилганда ёқут, олмос каби қимматбаҳо тошлар ва қадимий тилла узуклар борлиги аниқланиб, процессуал тарзда расмийлаштириб олинган. Ўтказилган тезкор тадбир давомида умумий баҳоси 4 миллиард 755,5 миллион сўмлик қимматбаҳо тошлар ва заргарлик буюмлари ашёвий далил сифатида олинди.

Суриштирув жараёнларида маълум бўлишича, ушбу шахслар кўп йиллардан буён хориждан бундай қимматбаҳо тошлар ва заргарлик буюмларини ноқонуний равишда олиб келиб, сотиш билан шуғулланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Навоийда олтин конидан 230 миллион сўм қийматдаги тошларни қазиб олаётган шахслар ушлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қўқонда хонадондан 50 минг долларлик тақинчоқ ва бриллиант тошларни ўғирлаган шахс қамоққа олингани ҳақида хабар берилган.