Ўзбекистонлик аёл Туркияда мажбуран ушлаб турилгани ҳақидаги хабарга изоҳ берилди

Ташқи ишлар вазирлиги консуллик-ҳуқуқий департаменти ўзбекистонлик аёл Туркиянинг Живрил шаҳрида мажбуран ушлаб турилгани ҳақидаги хабарга изоҳ берди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг Анқара шаҳридаги Элчихонаси воқеа юзасидан Туркия Республикасининг ваколатли идораларига расмий мурожаат қилган.

Аниқланишича, Ш.Х. Туркия фуқароси Ж.Ч.га турмушга чиқиш учун 2020 йил 14 ноябрда Туркияга келган. Қисқа муддат бирга яшагандан сўнг у оилавий ҳаёти ва ижтимоий шароитидан норози эканлиги, шунингдек, онасининг соғлиғи ёмонлашгани сабабли Ўзбекистонга қайтишга қарор қилган.

Элчихонанинг хабар беришича, ҳозирги кунда фуқаро Ш.Х. Денизли вилоятидаги ихтисослашган шифохоналардан бирида коронавирус инфекциясини даволанмоқда. Шу сабабли у билан тўғридан-тўғри боғланиш имконияти мавжуд эмас.

Денизли вилояти жандармериясининг маълумотларига кўра, беморнинг аҳволи яхши деб баҳоланган, унинг танасида ҳеч қандай жароҳат аниқланмаган.

Бундан ташқари, ушбу ҳолат Денизли вилояти прокуратурасининг махсус назоратига олинган, суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Ўзбекистоннинг Туркиядаги Элчихонасининг доимий назоратида, ваколатли органлар ва даволанаётган тиббиёт муассасаси билан алоқа ўрнатилган.

Аввалроқ Туркияда ўзбекистонлик эркак пичоқлаб ўлдирилгани ва Туркияда 31 ёшли ўзбекистонлик йигит тиланчи томонидан пичоқлаб ўлдирилгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар