Қўйлиқда салкам 500 минг сўмлик пиротехника воситасини метрога олиб кираётган йигит ушланди

Тошкент шаҳар Миробод туманида салкам 500 минг сўмлик перотехника воситасини метрога олиб кираётган 18 ёшли йигит ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар метрополитеннинг Миробод туманидаги «Қўйлиқ» бекатида 23 ноябрь куни тезкор тадбирлар  олиб борилган. Тадбир  давомида, Тошкент вилояти, Ангрен шаҳрида яшовчи, 2002 йилда туғилган Қ.Ш. «Қўйлиқ» бекатига кириб келаётган вақтида, қўлидаги мактаб сумкаси текширилган. Ичида 9 қути «Новый век» номли пиротехника воситаси борлиги аниқланган.

Суриштирув давомида, ушбу пиротехника воситаларини 495.000 сўм пул эвазига Миробод туманидаги «Компас» савдо мажмуаси атрофида номаълум шахсдан сотиб олганлигини айтган. Ҳолат юзасидан суриштирув ишлари давом этмоқда.

Аввалроқ Тошкент вилоятида пиротехника портлашидан жароҳат олган 18 ёшли йигитнинг қўли операция қилингани ҳақида хабар берилган. Унга чап қўл панжа соҳасида катта ҳажмли эзилиб, йиртилган жароҳати, тўртинчи ва бешинчи бармоқлар жароҳати ва тирноқ фалангасининг травматик узилиши ташхиси қўйилган эди. Шунингдек, Тошкент вилоятида қўлбола пиротехника воситасини тайёрлаётган ўсмирлар чақнаш оқибатида жароҳатлангани ҳақида хабар берилганди.