«Журналист ва блогерларнинг овозини эшитишга мажбурмиз» — Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон ёшлари форумида Шавкат Мирзиёев журналист ва блогерлар ҳақида сўз юритди. Бу ҳақда «Daryo» нашри хабар қилди.
Маълумотларга кўра, Президент оммавий ахборот воситалари тўртинчи ҳокимият бўлиш нуқтаи назаридан кимгадир ёқмаслигини таъкидлаган.
«Бугун мен айтиб ўтган оилавий ажримлар, маънавият, маърифат, интернет бўйича муаммолар кўп. Ўзбекистон энди очилди, орқага йўлимиз йўқ. Яна бир марта таъкидламоқчиман, оммавий ахборот воситалари тўртинчи ҳокимият бўлиш нуқтаи назаридан кимгадир ёқмайди.
Аммо охирги бир йил ичида журналистлар, блогерлар ва ёшларнинг ижтимоий тармоқларда чиққан овозлари бизнинг ислоҳотларимиз ва қарорларимизга катта кўмак беряпти, бу ҳақиқат. Ёқадими, ёқмайдими, уларни эшитишга мажбурмиз. Тўғрисини эшитиб, хулоса чиқарамиз, нотўғрисини тўғри йўлга солиш бурчимиз, вазифамиз. Битта нарсани ҳаммаларингиз билинглар, бизга тинчлик, осойишталик керак», — дейди давлат раҳбари.
Aввалроқ Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшлари форумида иштирок этиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун ҳар бир вилоятга қанча кредит маблағлари ажратилиши маълум қилинган.