Сенат раиси иштирокида «Муносиб меҳнат орқали барқарор ривожланиш сари» мавзусида видеоконференцалоқа шаклида давра суҳбати ўтказилди

Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси томонидан 27 январь куни Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда «Муносиб меҳнат орқали барқарор ривожланиш сари» мавзусида видеоконференцалоқа шаклида давра суҳбати ўтказилди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири Ирода Жўраева хабар берди.

Фото: «Tez News»

Тадбирда Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси аъзолари, Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директорининг ёрдамчиси – ХМТнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий бюроси директори раҳбарлигидаги делегация, БМТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари раҳбарлари, Европа иттифоқи, Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги вакиллари, АҚШ, Германия, Швейцария ва Россиянинг Ўзбекистондаги элчилари иштирок этди.

Фото: «Tez News»

Мазкур йиғилишда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева, Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директорининг ёрдамчиси Х. Коллер ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари кириш сўзи билан чиқиш қилди.

Давра суҳбатида Ўзбекистонда аҳоли бандлигини таъминлаш, барқарор ва муносиб иш ўринларини яратишга қаратилган миллий бандлик дастурлари доирасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муносиб ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш ҳамда Давлат меҳнат инспекциясини институционал ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Фото: «Tez News»

Бундан ташқари, пандемия шароитида аҳоли бандлигини таъминлаш орқали ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва бу борада мавсумий ишчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифаларга урғу берилди.

Тадбир давомида иштирокчилар Ўзбекистонда пандемия шароитида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган тизимли ишлар, иқтисодиётни барқарор ривожлантириш борасида кўрилаётган чоралар ҳақида хабардор қилинди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш, барқарор иш ўринларини ташкил этиш, муносиб ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, қишлоқ хўжалиги соҳасини диверсификация қилиш, хусусий секторни ривожлантириш, иқтисодиётнинг барча соҳаларига бозор иқтисодиёти тамойилларини кенг татбиқ қилиш бўйича кўрилаётган чораларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Фото: «Tez News»

Шу билан бирга, Ўзбекистонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш юзасидан кўрилаётган чораларнинг самарадорлиги, шунингдек, ХМТ томонидан 2020 йилда пахта-йиғим терими мавсуми давомида ўтказилган «Учинчи томон мониторинги» натижалари ҳам муҳокама қилинди.

Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари томонидан Ўзбекистон 2020 йилда ҳам пахта йиғим-терими мавсуми давомида тизимли болалар меҳнатидан умуман фойдаланмаётганлиги тўғрисидаги хулосаларида қатъий қолишини, мажбурий меҳнатнинг бутунлай бартараф этилишида сезиларли натижаларга эришилганлиги ҳамда фуқароларни мажбурий меҳнатга тизимли жалб этиш ҳолатлари қайд этилмаганлиги таъкидлаб ўтилди.

Фото: «Tez News»

Шу билан бирга, асосий омиллардан бири сифатида терилган пахта хом ашёси учун тўлов миқдорларининг оширилиши, меҳнат ва дам олиш шароитларининг сезиларли даражада яхшиланганлигига эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, 2020 йилда мамлакатда мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, унинг ҳар қандай кўринишларига барҳам бериш, ходимлар учун муносиб ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар халқаро ҳамжамият, хусусан, Жахон банки, Европа иттифоқи, «Коттон кампейн» халқаро коалицияси, «Хьюман Райтс Вотч» халқаро нодавлат ташкилоти вакиллари, АҚШ, Германия ва Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчилари томонидан юқори баҳоланди.

Давра суҳбати давомида экспертлар томонидан мамлакатимизда ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар билан бирга фаолиятни янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Янгиликлар