Тошкентда фуқаролардан 600 дан ортиқ совуқ қуроллар топилди

Тошкент шаҳрида 2021 йилнинг бошидан буён фуқароларда совуқ қурол ва бошқа буюмлар топилиши билан боғлиқ 655 та факт аниқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси ахборот хизмати

Таъкидланишича, текширувлар давомида 567 та пичоқ, 3 та болта, 11 та кастет, 34 та бита ва бошқа буюмлар топилган. Фуқароларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 185-2 (Совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш) моддаси бўйича тегишли баённомалар расмийлаштирилган.

Шунингдек, ўқув даргоҳларида ўтказилган текширувлар давомида ўқувчилардан 25 та пичоқ, 7 та кастет ва бошқа хавфли буюмлар топилган. Ўсмирларнинг ота-оналари билан суҳбатлар ўтказилган, уларнинг баъзиларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47 моддаси (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) бўйича баённомалар расмийлаштирилган.

Аввалроқ Бўстонлиқда «Nexia-3» юкхонасида ноқонуний қуролларни олиб кетаётган ҳайдовчи қўлга тушгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқандда 100 долларга 4 та ўқ-дори сотган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилган.