Кимё ва биология фанларидан халқаро олимпиадаларда ғолиб бўлган 8 нафар ўзбекистонликка 111 млн сўмгача пул мукофоти берилди

Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 27 август, пайшанба куни масофавий тарзда ўтказилган халқаро кимё ва биология фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритди ва пул мукофоти билан тақдирланди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги хабар берди.

Такидланишича, 25 июл куни масофавий тарзда ўтказилган 52-Халқаро кимё олимпиадасида дунёнинг 60 давлатидан жами 235 нафар иқтидорли ўқувчи иштирок этди. Олимпиадада 4 нафар ўқувчидан ташкил топган Ўзбекистон терма жамоаси 2 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритди.

Шунингдек, 24 август куни масофавий тарзда ўтказилган 31-Халқаро биология олимпиадаси бўлиб ўтди. Унда дунёнинг 52 давлатидан жами 262 нафар иқтидорли ўқувчи иштирок этди. Олимпиадада 4 нафар ўқувчи иштирок этди ҳамда 1 та олтин ва 2 та кумуш медалини қўлга киритди.

Маълумот ўрнида, халқаро фан олимпиадаларида совринли ўринларни қўлга киритган ёшлар Президентнинг 2019 йил 3 майдаги «Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ қуйидаги миқдорларда пул мукофотлари билан тақдирланади:

  • 1-ўрин (олтин медал) учун — ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 (111 миллион 500 минг сўм) баравари, ўқитувчисига — 450 баравари (100 миллион 350 минг сўм) миқдорида;
  • 2-ўрин (кумуш медал) учун — ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 (66 миллион 900 минг сўм) баравари, ўқитувчисига — 250 баравари (55 миллион 750 минг сўм) миқдорида;
  • 3-ўрин (бронза медал) учун — ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 (44 миллион 600 минг сўм), ўқитувчисига — 150 баравари (33 миллион 450 минг сўм) миқдорида бир марталик пул мукофотлари белгиланган.

Шунингдек, халқаро олимпиадалар ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар ва таълим муассасаси директорларига 2020/2021 ўқув йили учун директор жамғармасидан олтин, кумуш ва бронза медаллари бўйича қўшимча 200, 175 ва 150 фоизлик устама тўланади.

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг сентябрь ойида ҳам Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Халқаро математика ва Халқаро информатика олимпиадаларида иштирок этиши режалаштирилган.

Aввалроқ чортоқлик икки нафар ўқувчи Испанияда ўтказилган онлайн мусиқий танловда 2-ўринни қўлга киритгани хабар берилганди.

Янгиликлар