Андижонда ҳужжатсиз дори воситаларининг нархини сунъий ошириб сотаётган гуруҳ қўлга олинди

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Андижон вилоят бошқармаси дори воситаларининг нархини сунъий ошириб сотаётган гуруҳни қўлга олди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати «Tez News»га маълум қилди.

Хабарга кўра, фуқаро М.Патидинованинг аризасига асосан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида фуқаро А.Хайдаров бошқалар билан тил бириктириб, дори воситаларининг нархларини сунъий равишда ошириб, М.Патидиновага ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган «Пропинем 100 мг» дори воситасини ҳар бир донасини 90 минг сўмдан 500 донасини жами 45 миллион сўмга, «Меропенем 1 мл флаконда» дори воситасини ҳар бир донасини 50 минг сўмдан 1 000 донасини жами 50 миллион сўмга ва «Бициклол 25 мг» ҳар бир қутисини 265 минг сўмдан 300 қутисини жами 79,5 миллион сўмга сотмоқчи бўлгани аниқланган. Шунда ҳаммаси бўлиб 3 ҳил турдаги дори воситаларини 174,5 миллион сўмга сотишга келишиб, ундан 13 550 доллар ва 34,9 миллион сўмни олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Аввалроқ Қувада 40 қути «Лирика»ни 3 минг долларга сотган шахслар ушлангани, Самарқанд шаҳрида 1 миллион 600 минг сўмлик трамадол сотаётган шахс қўлга олингани хабар қилинган эди.

Янгиликлар