Тўрақўрғондаги маҳаллага бетон таянчлар ва 250 кВА трансформатор олиб келинди

Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов 26 октябрь куни Тўрақўрғон туманида бўлиб, «Еттикон» маҳалласида аҳоли билан учрашди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум бўлишича, «Еттикон» маҳалласида 810 та хонадон, 4610 нафар фуқаро бўлиб, тоза ичимлик суви билан қисман таъминланган. Вилоят ҳокими ушбу маҳалланинг Ҳамроҳ кўчасида яшовчи аҳоли билан учрашиб, уларнинг мурожаатини тинглаган. Бу ҳудудга сув тармоғи тортилиши, бунинг учун 180 миллион сўм сарфланиши талаб этилади. Шунда 522 та хонадонга ичимлик суви кириб боради.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Шунингдек, паст кучланишли электр тармоғини кучайтириш учун 1 та ТП, 35 та янги симёғоч керак, ушбу мақсадга 113 миллион сўм, 1 километр асфальт ишлари учун 100 миллион сўм маблағ зарур. Шавкат Абдураззақов мазкур муаммоларни бартараф этишга дарҳол киришилишини билдирган, аҳолининг ўзи ҳашар йўли билан меҳнат қилаётганини маъқуллаган. Маҳаллага куннинг иккинчи ярмида бетон таянчлар, 250 кВА трансформатор олиб келинган.

Аввалроқ Косонсойдаги маҳаллага қуввати 250 кВА бўлган трансформаторлар пункти ўрнатилгани, Сўх туманида қуввати 100 кВА бўлган 49 миллион сўмлик трансформатор пункти ўрнатилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар