Ўзбекистонда сўнгги 3 йилда фармацевтика соҳасида экспорт ҳажми қанчага ошгани маълум қилинди

Шавкат Мирзиёев электротехника ва фармацевтика соҳаларида инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, мазкур тармоқларда ишни замонавий асосда ташкил этиб, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар турини кенгайтириш чоралари кўрилгани натижасида сўнгги уч йилда экспорт ҳажми 1,7 баравар ошган. 2020 йилда бу кўрсаткич 350 миллион долларга етиши кутилмоқда.

Аммо ҳали камчиликлар кўплиги, электротехника ва фармацевтика иқтисодиётда «ривожланиш нуқталари» бўлиши кераклиги таъкидланган.

«Ўтган 10 ойда иккита соҳа бўйича 2 миллиард доллардан кўп импорт бўлган. Мана шу рақамнинг ўзи нима қилишимиз кераклигини кўрсатиб турибди», – дейди Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, электротехника саноати тармоғида 55 та лойиҳа режалаштирилган эди. Шундан 26 таси йўлга қўйилган, 29 тасининг ижроси кечикмоқда. Давлат раҳбари бундай қолоқликнинг сабабларини сўраб, уларни ҳал этиш бўйича топшириқлар берган. Электротехника тармоғининг драйвер йўналишларини аниқлаб олиш кераклиги қайд этилган.

Ишлаб чиқариш мураккаб бўлмаган ва хориждан олиб келишдаги транспорт харажатлари юқори маҳсулотлар импорти 500 миллион доллардан ортади. «Ўзэлтехсаноат» уюшмасига йил якунига қадар шундай маҳсулотлар рўйхатини шакллантириб, Тошкент шаҳри ва Хоразмдаги саноат зоналарида ишлаб чиқариш бўйича кўрсатма берилган.

Мазкур тармоқдаги экспортни 2020 йил якуни билан 310 миллион долларга, келгуси йил 370 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилган. Бунда дунёга машҳур онлайн савдо тармоқларидан ҳам фойдаланиш, халқаро тендерларда қатнашиш яхши самара бериши айтилган. 2021 йилда халқаро стандартларни жорий этиш учун лаборатория ва сертификатлаш марказини ташкил этиш топшириғи берилган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Чилонзор тумани мутасаддилари ва ёшлари билан учрашгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Президент шошилинч тиббий ёрдам илмий марказидаги янги бино қурилиши билан танишгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар