Андижонда 9 ёшли қизни 17 марта пичоқ уриб ўлдирган аёл қамалди

Андижон вилояти Асака туманида 9 ёшли қизни ўлдирган аёл 12 йил 4 ой 24 кунга озодликдан маҳрум қилинди.

Ушбу жиноят иши юзасидан Бош прокуратура қуйидагиларни маълум қилган:

2020 йил 21 июнь куни Асака туманида 9 ёшли қизнинг мурдаси ўз уйида қотиллик аломатлари билан топилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари Бош прокуратуранинг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси томонидан олиб борилган.

Тўпланган далилларга асосан дастлабки терговда фуқаро А.Ҳ. 2020 йил 21 июнь куни қўшниси Д.А. истиқомат қиладиган уйга ўғрилик мақсадида киргани ва у ердан пул олганига гувоҳ бўлган, ёш бола Қ.И.нинг танасига бир неча маротаба пичоқ билан жароҳат етказиб, уни қасддан ўлдиргани аниқланган. Шунингдек, А.Ҳ. ўғрилик ҳамда фирибгарлик жиноятларини ҳам содир этгани ўз исботини топган.

Айбланувчининг айби унинг кўрсатуви бўйича олинган ашёвий далил (пичоқ), пичоқ дастаси ичидан олинган намуна марҳума қизга тегишли экани тасдиқланган экспертиза хулосаси, гувоҳларнинг кўрсатувлари, хусусан, тўрт нафар гувоҳ А.Ҳ. марҳума қизнинг хонадонидан югуриб чиққанини кўргани ва бошқа далиллар билан тўлиқ исботланган.

Бундан ташқари, А.Ҳ. ўз айбига иқрорлигини ҳам баён қилган. Жумладан, қўшнисининг уйига ўғрилик мақсадида киргани ва шу қўшнининг ёш қизи (марҳума) уни кўриб қолганидан қўрқиб,  пичоқ билан ўлдирганини тан олган.

А.Ҳ.нинг иқрорлик кўрсатувлари реал воқеликка асослангани ва ихтиёрий равишда берилгани суд-психология экспертизаси хулосаси билан тасдиқланган. Судланувчи тергов жараёнларида қўрқитилгани ёки қийноққа солингани ёхуд бошқача тарза унга тазйиқ ўтказилгани тўғрисидаги маълумотлар асосли эмас.

Оммавий ахборот воситаларида марҳума қизнинг зўрлангани ҳам суд-комиссиявий экспертизада ўз исботини топмаган. 2020 йил 21 июнь куни мазкур жиноят иши айблов хулосаси билан мазмунан кўриш учун вилоят судига юборилган. Бироқ тергов давомида аниқланган ва исботланган далил ҳамда важлар суд томонидан инобатга олинмаган, ўта оғир жиноят ҳаракатларига етарли баҳо берилмаган.

Шу тариқа вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 5 майдаги ҳукми билан А.Ҳ. фақатгина фирибгарликда, яъни марҳума қизнинг онасига тегишли бўлган тилла занжирни алдов йўли билан қўлга киритишда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 2 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланган. Ўғрилик, босқинчилик ва қотиллик юзасидан эса у оқланган.

Шу боис 2021 йил 12 май куни вилоят прокуратураси томонидан вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 5 майдаги ҳукмига нисбатан Олий суднинг жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясига апелляция тартибида протест келтирилган.

Бош прокуратура иш бўйича манфаатдор тарафлар ва кенг жамоатчилик, хусусан, оммавий ахборот воситаларидан қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратишни сўраган:

  • биринчидан, вилоят суди томонидан оқланган судланувчининг «айбсиз» экани ҳақида суднинг якуний ҳукми қонуний кучга кирмасдан туриб, хулоса қилишга ҳали эрта.
  • Иш бўйича судлов жараёнлари мавжуд ҳужжатлар, далиллар, гувоҳларнинг кўрсатувлари, айблов хулосасига асос қилиб келтирилган бошқа жиҳатларга вилоят суди томонидан ҳар томонлама муносиб баҳо берилмаганини кўрсатиб турибди;
  • иккинчидан, асосан ҳимоя тарафи ва судланувчи кенг жамоатчиликка тақдим этаётган тафсилотлар асосида эҳтиросли хулосаларга келиш ноўрин ҳисобланади;
  • учинчидан, Олий суднинг якуний тўхтамидан кейингина жиноят иши бўйича қўшимча равишда тегишли муносабат билдирилади.