Aму-Бухоро ирригация тизимини тиклаш лойиҳасига 406 млн доллардан зиёд маблағ ажратилди
Бухоро вилоятида Aму-Бухоро ирригация тизимини тиклаш лойиҳаси учун 406,2 миллион доллар ажратилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, мазкур лойиҳа доирасида Aму-Бухоро бир ва икки насос станциясини қуриш, «Қуйи мозор», «Қизилтепа» ва «Қизилтепа-1» насос станциясияларини қайта тиклаш ҳамда Aму-Бухоро машина канали тасарруфидаги 36 та гидротехника иншоотларини модернизация қилиш эвазига 315 та экин ерининг сув таъминотини яхшилаш кўзда тутилган.
Шунингдек, мазкур лойиҳани амалга ошириб, электр энергияси [аражатларини камайтириш ҳисобига йилига 5,5 миллион доллар маблағни иқтисод қилиш режалаштирилган. Маълум қилинишича, лойиҳанинг умумий қиймати 406,2 миллион долларга тенг бўлиб, у Осиё тараққиёт банки Япония халқаро агентлиги ҳамда Ўзбекистон ҳукумати томонидан молиялаштирилади.
Қайд этилишича, ҳозирда 6 та объектда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Улардан бири Aму-Бухоро каналидан сув ўтказиш иншооти қуриб битказилди ва фойдаланишга топширилди. Топширилган сув иншооти орқали «Қуйи Мозор» насос станциясига сув етказиб берилади. Насос станцияси эса вилоятнинг Когон, Бухоро, Вобкент, Ромитан ва Пешку туманларини сув билан таъминлайди.
Аввалроқ Қоракўлда «Тоза ҳудуд»нинг янги биноси фойдаланишга топширилгани ҳамда Наманганда аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази биноси ишга тушгани ҳақида хабар берилганди.