Олий суд ХТВнинг Қобул Дусовга нисбатан даъво иши бўйича баёнот берди

Олий суд матбуот хизмати Халқ таълими вазирлигининг Қобул Дусовга нисбатан даъво аризаси бўйича юритилаётган фуқаролик иши юзасидан расмий баёнот берди.

Фото: Facebook/Kobul Dusov

Унга кўра, Халқ таълими вазирлиги Қобул Дусовга нисбатан ташкилотнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисидаги даъво ариза билан фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судига мурожаат қилган. Ушбу даъво ариза иш юритувига қабул қилиниб, ҳозирги кунда фуқаролик иши қўзғатилган.

Маълум бўлишича, дастлабки суд мажлисларида фуқаролик иши бўйича тарафларнинг баёнотлари, гувоҳ кўрсатмалари олиниб, суднинг 2020 йил 23 сентябрь кунидаги ажримига кўра фуқаролик иши юзасидан суд-лингвистика экспертизаси тайинланиб, уни ўтказиш Чирчиқ давлат педагогика институти зиммасига юклатилган ва фуқаролик иши иш юритишдан тўхтатилган. Мазкур фуқаролик иши экспертиза хулосалари олинганидан сўнг тикланиб, судда кўрилиши давом эттирилади.

Шу ўринда Олий суд ижтимоий тармоқларда турли бахс-мунозараларга сабаб бўлган ушбу фуқаролик иши бўйича ўтказилаётган суд жараёнини ёритаётган айрим журналист ва блогерлардан суд ҳукми чиқмай туриб, тахминий муносабатларини сайтларида эълон қилмасликни сўраган. Расмий муносабатда бу ҳол судга ва судьяга босим ўтказишнинг бир кўриниши деб айтилган.

Аввалроқ Халқ таълими вазирлиги собиқ депутат Қобул Дусовни судга бергани хабар қилинган эди.

Янгиликлар