Қўқонда коронавирус беморларини даволайдиган 4 та марказ ишга тушади
Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида 309 ўринли коронавирус беморларини даволайдиган тўртта марказ ишга тушади. Бу ҳақда шаҳaр ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, мазкур мажмуалар Вазирлар Маҳкамаси томонидан 25 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга доир қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорга асосан ташкил этилмоқда.
Маълум қилинишича, айни пайтда мазкур даволаш марказлари шаҳaрдаги:
- Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Қўқон филиалида;
- Ўзбекистон Маданият ва санъат институти Фарғона минтақавий филиалида;
- Қўқон давлат педагогика институти академик лицейида;
- 1-Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ташкил этилмоқда.
Қайд этилишича, Қўқон шаҳридаги коронавирус беморларини даволайдиган мажмуаларда 245 та интенсив даволаш ва 64 та реанимация — жами 309 та ўрин ҳозирланмоқда. Aйни пайтда барча мажмуалар зарур тиббий техник ускуналар ва жихозлар, автотранспорт воситалари билан таъминланмоқда. Шунингдек, марказлар бош врачлари томонидан муассасаларга юқори малакали тиббий кадрларни жалб этиш чоралари кўрилмоқда.
Таъкидланишича, ҳозирда тиббий ускуналарни ўрнатиш ва созлаш жараёнлари кетаётган 1-Болалар ва ўсмирлар спорт мактабидаги коронавирус беморларини даволайдиган мажмуа 1 октябрга қадар ўз фаолиятини бошлаши режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 8 август куни Самарқанд ҳокими Эркин Турдимов Олимпия захираларини тайёрлаш мажмуасида тақсимлаш маркази ташкил этилганини маълум қилганди.
Аввалроқ Тошкент шаҳрида 4 та саралаш ва тақсимлаш марказида 1843 та ўрин бўш қолгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Шуҳрат Ғаниев «Само» спорт мажмуасидаги тақсимлаш марказида тиббий жиҳозларни ўрнатиш жараёни билан танишган.